АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан 15 август куни Аляскада учрашишни режалаштирганини маълум қилди.

“Мен, Америка Қўшма Штатлари президенти ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасидаги узоқ кутилган учрашув 2025 йил 15 август, жума куни буюк Аляска штатида бўлиб ўтади. Қўшимча тафсилотлар кейинроқ маълум қилинади”, дея ёзди Оқ уй раҳбари.
Ушбу учрашувни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков тасдиқлаган ва Аляскадаги Россия—АҚШ саммитига тайёргарлик осон кечмаслиги билдирган.
“Шубҳасиз, яқин кунларда Москва ва Вашингтон Аляскадаги олий даражадаги учрашувнинг амалий ва сиёсий жиҳатларини жуда фаол ва қизғин тарзда ишлаб чиқишга киришади”, деди у.
Унинг сўзларига кўра, учрашув жойи икки давлатнинг географик яқинлиги туфайли танланган.
“Россия ва АҚШ яқин қўшнилар, бир-бири билан чегарадош. Бизнинг делегациямиз шунчаки Беринг бўғозидан учиб ўтиши ва икки давлат раҳбарларининг бундай муҳим ва кутилган саммити айнан Аляскада ўтказилиши мантиқан тўғри кўринади”, деди Ушаков.
Аляска штати губернатори Майк Данливи Х ижтимоий тармоғида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашувини қабул қилишга тайёр эканини ёзган.
“Глобал аҳамиятга эга муҳокамалар айнан шу ерда бўлиб ўтиши мантиқан тўғри. Асрлар давомида Аляска мамлакатлар ўртасида кўприк вазифасини ўтаган ва бугунги кунда биз дунёнинг энг муҳим минтақаларидан бирида дипломатия, савдо ва хавфсизлик учун дарвоза бўлиб қолмоқдамиз”, дея таъкидлади у.
Маълум қилинишича, Россия президенти Владимир Путин Аляскага ташриф буюрадиган биринчи Россия раҳбари бўлади.
Қайд этилишича, илгари бу штатга Россия ёки СССРнинг бирорта раҳбари ташриф буюрмаган. Россия президенти сўнгги марта АҚШга 2015 йилда ташриф буюрган.
Изоҳ (0)