Ридли Скотт режиссёрлигидаги “Гладиатор-2” фильмининг суратга олиш майдончасида ёнғин содир бўлди ва бунинг натижасида бир нечта экипаж аъзоси жароҳатланди. Лойиҳа Марокашда суратга олинаётган эди.
Воқеа 7 июнь куни содир бўлган. Маълумотларга кўра, олти кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, тўрт нафари эса куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Paramount Studios вакилининг айтишича, ёнғиндан жароҳатланганларнинг аҳволи яхши ва суратга олиш ишлари давом этмоқда.
“Гладиатор-2” фильми лойиҳанинг биринчи қисми катта экранларга чиққандан 25 йил ўтиб суратга олинмоқда. Ушбу кинокартина император Коммоднинг (Хоакин Феникс ижрода) жияни Лусиус (фильмда ушбу образни Пол Мескал гавдалантирган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда Дензел Вашингтон, Педро Паскал ва Жозеф Куин каби актёрлар ҳам иштирок этган. “Гладиатор-2” фильмининг чиқарилиши 2024 йилнинг ноябрига режалаштирилган.
Изоҳ (0)