Писта — қаттиқ қобиқ ичидаги юқори калорияли яшил рангли ёнғоқ. Писта соғлиқ учун фойдали — уларда кўп миқдорда витамин, минерал ва антиоксидантлар мавжуд бўлиб, улар иммунитетни мустаҳкамлайди ва кўплаб касалликларнинг олдини олади.
Пистанинг келиб чиқиш тарихи
Қадимги Римда писта ноёб деликатес ҳисобланган эди. Улар шу қадар машҳур эдики, уларни етиштириш учун махсус жойлар ажратилган. Римга Испания ва Италия мамлакатларининг пистаси карвон-карвон ташиб келтирилган.
Яна бир версияга кўра, писта Америкага 1854 йилда бу мевадан бир неча фунт олиб келган Усмонли Империясининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси туфайли тарқалди. 1880 йилдан бошлаб Калифорнияда писта етиштирила бошланди.
Айни пайтда писта кўплаб мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Эрон, Туркия ва Сурия учун муҳим экспорт маҳсулотидир. Улар турли хил таом ва ширинликларда, шунингдек, кўплаб конфетлар учун фойдаланилади.
Писта витаминлар ва минералларга бой, масалан, E витамини энг кучли антиоксидантлардан биридир. Улар, шунингдек, суяк ва мушаклар мустаҳкамлигида ёрдам берувчи, уйқу сифатини яхшилайдиган ва стресс билан курашишга ёрдам берадиган магнийга бой. Писта таркибидаги калий юрак ишига ижобий таъсир кўрсатади — қон томирларни мустаҳкамлайди ва юрак уришини нормаллаштиради.
Пистада жуда кўп бўлган селен иммунитет тизимини рағбатлантиради ва заҳарланишнинг олдини олади. B7 ёки биотин протеинни ҳазм қилиш ва ёғларни эритиш хусусияти билан метаболизмни яхшилайди.
Писта таркибидаги лутеин кўз учун фойдали — у кўриш қобилиятини оширади ва умуман олганда, кўз саломатлиги учун яхши профилактика ҳисобланади.
Буйрак ва жигар фаолиятида бузилишларга олиб келмаслик учун шифокорлар кунига 30 граммдан кўп бўлмаган писта истеъмол қилишни тавсия қиладилар.
Кимлар писта емаслиги керак?
Аввало, албатта, ёнғоқдан аллергияси бўлган одамларни хавф остига қўймаслик лозим. Бундан ташқари, писта таркибида кансероген моддалар бўлган афлатоксинлар мавжуд. Бу, айниқса, уларни кўп миқдорда истеъмол қиладиганлар учун саратон ривожланишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, писта қондаги холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам берадиган ёғли кислоталарга бой.
Қолаверса, бу мева жуда кўп ёғ ва калорияларни ўз ичига олади — агар уни доимий равишда кўп истеъмол қилсангиз, семириб кетишингиз мумкин.
Шўр писта истеъмол қилмаган маъқул, чунки кўп миқдорда туз соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин. Бу ёнғоқларнинг силлиқ мушакларга таъсири туфайли ҳомиладор аёллар учун писта истеъмол қилиш тавсия этилмайди.