“Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини жадал суръатларда ҳал этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги президент қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарор билан Тошкент шаҳри маҳаллаларининг инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларда болалар ва спорт майдончаларини қуриш, микро хиёбонлар ташкил этиш, ирригация тизими ва суғориш тармоқлари ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш, шунингдек, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсад қилинган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳри маҳаллаларининг инфратузилмасини ривожлантириш, ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши даврида талафот кўрган маҳаллалардаги ички йўллар, пиёдалар йўлаклари, муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлаш учун республика бюджетидан пойтахт бюджетига 211 миллиард сўм ажратилади.
2023 йил февраль ойида ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Тошкент шаҳри ҳокимлигига 584 миллиард сўм фоизсиз кредит ажратилиши белгиланган эди. Ўзбекистонда 2023 йил март бошида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилиши айтилганди.
Изоҳ (0)