Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг маъвизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас экани айтилаётган асоссиз хабарларга муносабат билдирди.
Таъкидланишича, мамлакатда расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи бундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради”, — дейилади муносабатда.
2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русум ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.
Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.
Расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
“Таъкидлаш жоизки, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину-диёнатни етказиш ва ёшларни илму-маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан, дин пешволарининг энг муҳим вазифасидир. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан интернет оламида маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ‘muslim.uz’ сайтида ‘Қуръони карим ва тажвид’, ‘Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи’, турли ваъз-насиҳатлар. Фатво марказининг ‘fatvo.uz’ каналида диний савол-жавоблар ва Муфтий ҳазратларининг @Muftiy_Nuriddin_domla каналларида эса руҳий тарбияга оид суҳбатлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.
Хулоса шуки, мўмин-мусулмонларимиз мана шундай расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин”, — дея қайд этилади муносабатда.
Шу билан бирга, диний идора бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринаётганини эслатиб ўтган. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда хоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади. Аввалроқ тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати эълон қилинган эди.
Изоҳ (0)