Андижон вилояти Хонобод туманида ҳокимият ходими пичоқлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, пичоқланган шахс ҳокимият ходими эмас, у республикадаги қўмиталарнинг бирида фаолият юритади. Тергов жараёни ва шахсга ташқи таъсир бўлмаслиги учун унинг аниқ иш жойи очиқланмаган.
Фуқаро тирик қолган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши юзасидан 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан Хонобод шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)