Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёда халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Президент Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Акмал Маҳмудалиев номзодини тавсия этди.
Номзод ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режаларини тақдимот қилгач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Акмал Маҳмудалиев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Йиғилиш давомида вилоятни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, туманлар ҳокимларининг режалари тингланди.
2022 йил ноябрда Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Акмал Маҳмудалиев зиммасига Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариш юклатилганди. Вилоятнинг ундан олдинги ҳокими Ғофуржон Мирзаев эса президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.
Изоҳ (0)