Ўзбекистонда 18 март куни “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг навбатдаги мавсуми бошланади ва овоз бериш жараёнларига старт берилади. Бу ҳақда 16 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддилари маълум қилди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Маълум қилинишича, “Ташаббусли бюджет” жараёнлари уч босқичли календарь режага асосан амалга оширилади. Биринчи босқичда, фуқаролар ўз таклифларини (батафсил кўринишда) қолдиради (6 февралдан 25 февралгача).
Иккинчи босқичда, аҳоли томонидан билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади (26 февралдан 17 мартгача).
Сўнги босқичда, модерациядан ўтказилган таклифлар овоз бериш жараёнига ўтказилади (18 мартдан 7 апрелга қадар).
Тадбирда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги механизм ишга туширилгани айтилди. 2023 йилги туман ва шаҳар бюджетларида ташаббусли бюджет жараёнлари учун жами 2 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлиб, шундан 1 триллион сўми биринчи мавсумда ажратилади.
Бундан ташқари, 2023 йил бошига маҳаллий бюджетларда шаклланган эркин қолдиқ маблағларининг 30 фоизи маҳаллий ҳокимликлар томонидан Фуқаролар ташаббуси жамғармасига йўналтирилади.
Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, шунда биринчи мавсум учун Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида жами 1,7 триллион сўм маблағ шаклланиши кўзда тутилмоқда.
Вазирлик департаменти директори Шерзод Муҳамедовнинг айтишича, жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан жами 8 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши мўлжалланган.
“Шундан 2 триллион сўми “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларидан, 320 миллиард сўми “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларидан, 4 триллион сўми “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш режалаштирилган. Шу билан бирга, жорий йилда маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 30 фоизи ҳисобига 1,7 триллион сўм миқдоридаги маблағлар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилиши прогноз қилинган”, – деди вазирлик расмийси.
Вазирлик бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасановнинг таъкидлашича, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича жорий йил биринчи мавсуми доирасида таклиф киритиш жараёнлари якунланди.
“Ҳозирда туман (шаҳар) ишчи комиссиялари томонидан модерация жараёнлари амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, биринчи мавсум доирасида фуқаролар томонидан жами 55,9 мингта лойиҳалар келиб тушган. Ҳудудлар кесимида энг кўп келиб тушган лойиҳалар Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Соҳалар кесимида энг кўп илгари сурилган лойиҳалар – ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш йўналиши бўйича бўлди. Фуқаролар томонидан ушбу йўналиш бўйича жами 14,7 мингта лойиҳалар илгари сурилган ҳамда жами лойиҳалар сонига нисбатан 26 фоизни ташкил этган”, – деди мутахассис.
Шунингдек, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 10,3 мингта (18 фоиз), кўча чироқларини ўрнатиш ҳамда электр энергия таъминоти билан боғлиқ лойиҳалар 6,3 мингта (11 фоиз), мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 4,4 мингта (8 фоиз) ҳамда соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 3,1 мингта (6 фоиз) лойиҳалар илгари сурилган.
Изоҳ (0)