Ўзбекистонда Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2023 йил январь ойида 1001 бирликни ташкил этиб, декабрь ойига нисбатан 0,1 фоизга мўтадил ошган. Бу ҳақда “Дарё”га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Шу билан бирга, ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам 15 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Компонентлар даражасидаги ўзгаришлар
2023 йилнинг январь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга ошиб, 1001 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:
- корхоналарнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялар сони 26,3 фоизга камайган;
- фаолият кўрсатаётган корхоналар бўйича компонент 2,9 фоизга камайган;
- Товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 19,2 фоизга ошган;
- товар белгилари бўйича компонент 74,5 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида Жиззах вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган.
2023 йил январь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 6 та ҳудудда ўтган ойга (2022 йил декабрь) нисбатан ўсиш кузатилган. Жиззах (38 фоиз), Сирдарё (29,9 фоиз), Фарғона (27,9 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (35,6 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Шу билан бирга ушбу кўрсаткич 8 та ҳудудда камайган. Хусусан, Навоий (-26,9 фоиз), Қашқадарё (-8,1 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (-7,4 фоиз) ўтган ойга нисбатан сезиларли даражада камайиш кузатилган.