Ўзбекистондаги корхона ва ташкилотлар демографияси таҳлил қилинди
2017—2022 йилларда Ўзбекистонда фаолият юритган корхона ва ташкилотлар демографияси таҳлил қилинди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) хабар берди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатдаги жами корхона ва ташкилотлар сони (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) 592,4 мингтани ташкил этган. Бу 2017 йилдагига нисбатан 2,1 маротаба кўп демакдир.
Тадбиркорлик субъектлари сонининг энг кўп ўсиши Навоий (2,7 маротаба), Самарқанд (2,6 маротаба), Қашқадарё (2,3 маротаба), Сурхондарё (2,3 маротаба), Бухоро ва Жиззах вилоятлари (2,2 маротаба) да кузатилган.

Иқтисодий фаолият тури бўйича таҳлил савдо-сотиқ (2,9 маротаба), қишлоқ хўжалиги (2,6 маротаба), яшаш ва овқатланиш (2,1 маротаба) ҳамда саноат (2 маротаба) каби тармоқларда корхоналар сони жадаллик билан ўсганлигини кўрсатди.
Шунингдек, ахборот технологиялари (1,9 маротаба) ва тиббий хизматлар (2 маротаба) соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналар сонининг ўсиши иқтисодиётда рўй бераётган ижобий таркибий ўзгаришлардан далолат беради.