Ўзбекистон 2022 йилда жаҳондаги сархил олхўри экспортёрлари рейтингида тўртинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.
Ўтган йилги мавсум давомида Ўзбекистон рекорд даражадаги 48,4 минг тонна сархил олхўри экспорт қилишга муваффақ бўлган.
Баҳорги аёзлар туфайли қатор ҳосилсиз йиллардан сўнг 2022 йили Ўзбекистонда олхўри яхши ҳосил берди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ушбу маҳсулотнинг арзонлиги унинг экспорти ҳажмини кескин ошишида муҳим омил бўлди.
EastFruitънинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг июнь—июль ойларида сархил олхўрининг улгуржи нархлари 2021 йилги даражадан икки баробар паст бўлган. 2022 йилнинг 5 августига бориб, нархлар 2021 йилнинг шу санасига нисбатан тўрт баробар паст эди.
Бундай нарх таклифлари туфайли Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россияга сархил олхўри экспортини кескин ошириш имкони юзага келди. Ўзбекистондан олхўри экспортининг деярли 96 фоизи ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистондан сархил олхўрининг деярли барча ҳажми жаҳоннинг атиги 5 мамлакатига етказиб берилган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Чили жаҳоннинг 44 мамлакатига сархил олхўрини катта ҳажмда экспорт қилган.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Чили сархил олхўри экспорти бўйича ўзининг 2019 йилдан бери сақланиб турган жаҳон рекордини янгилади.
2022 йилда чилилик экспортёрлар ташқи бозорларга 158 минг тонна ва умумий қиймати 235 миллион долларлик сархил олхўри етказиб берган.
Ҳажм бўйича экспорт ўтган йил давомида 33 фоизга ошди ва бу 2019 йилдаги рекорддан 3 минг тоннага кўпдир.
Шундай қилиб, Чили сархил олхўри экспорти бўйича жаҳондаги етакчилигини мустаҳкамлаб олди. Жанубий Африка ва Испания ҳозирги кунда лидердан деярли 60 минг тоннага ортда қолмоқда.