Андижон вилояти Хўжаобод туманида 19 млн сўмлик қалбаки пул ишлаб чиқарган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан фуқаро М.И.нинг аризаси бўйича ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган. А.А. 23 январь кунидан 10 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида HP-2320 русумли рангли принтерда DU 2220006 серия рақамли 100 000 сўмлик купюра, SA 0292422 серия рақамли 200 000 сўмлик купюрадаги 14 200 000 сўм, DZ 0254498 серия рақамли 100 000 сўмлик купюрадаги 4 900 000 сўм жами 19 100 000 сўм сохта ўзбек пулларини нусха кўчириш йўли билан тайёрлагани аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)