Тошкентда танишига ақидавий нашида жўнатган фуқаро судланди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Олмазор тумани судида 30 январь куни фуқаро С.Р.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. У танишига ақидапарастлик ғоялари тасвирланган қўшиқ юборган.
Қайд этилишича, С. Р. динга бўлган қизиқиши замирида Telegram’да кўчириб олинган ақидапарастлик ғоялари билан йўғирилган аудиоқўшиқ (нашида)ни танишига юбориб, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатган.
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган 2022 йил 18 июлдаги хулосасига кўра, диний мазмундаги С.Р. тарқатган диний қўшиқ (нашида) ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган бўлиб, бу каби диний материални мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги кўрсатилган.
Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун қонунда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. С.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, модда санкциясида назарда тутилган жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш учун асослар етарли бўлмаган.