Бухоро ҳамда Андижонда жами 480 млн сўм кредит маблағларини талон-торож қилган шахслар ушланди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қоровулбозор туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро А.Н. тадбиркор Р.А.ни алдаб, унинг савдо дўконини гаров сифатида тижорат банки филиалига тақдим қилиб, темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускунаси ва қурилиш материаллари сотиб олиш учун 280 миллион сўм кредит олгани аниқланган. Фуқаро ушбу маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Шунингдек, департаментнинг Андижон вилояти Хонобод шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Ф.Қ. ушланган. У турмуш ўртоғининг номига “А.А.” МЧЖни ташкил қилиб, маиший техникалар сотиб олиш учун тижорат банки филиалидан 200 милион сўм кредит олган. Ушбу маблағларини ўзининг норасмий раҳбарлигидаги “С.С.” МЧЖга ўтказиб, сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.