Украина Россия президенти Владимир Путиннинг Рождество байрами сабабли ўт очишни вақтинчалик тўхтатиш ҳақидаги чақириғига жавоб қайтарди. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россиянинг баёнотларини иккиюзламачилик деб таърифлади.
Подоляк ўзининг Twitter’даги саҳифасида Путиннинг буйруғига изоҳ берар экан, Украина Россиядан фарқли ўлароқ, бегона ҳудудга ҳужум қилмаслиги ва тинч аҳолини ўлдирмаслигини таъкидлади.
«Биринчидан, Украина Россия каби бегона ҳудудга ҳужум қилмайди ва тинч аҳолини ўлдирмайди. Украина ўз ҳудудида фақат босқинчи армия аъзоларини йўқ қилади. Иккинчидан, Россия босиб олинган ҳудудларни тарк этиши керак, шундан кейингина у ‘вақтинчалик сулҳ’ни бошлайди. Иккиюзламачиликни ўзингизга қолдиринг», — дейилади муносабатда.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов ҳам сулҳ бўйича ўз фикрини билдирди. У Россия билан «Рождество сулҳ»и бўйича ҳеч қандай музокара олиб борилмаслиги, «тажовузкор давлат» Украина ҳудудини тарк этиши кераклигини айтди.
«Келинг, амалий тилда гаплашамиз. Россия бу сулҳни кимга таклиф қилмоқда? Ўзларига? Оддий ечим бор: улар чамадон ва чиқиндиларини олиб, Россияга кетишади. Нуқта. Улар билан ҳеч қандай музокара бўлмайди. Россия сулҳининг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деди Данилов.
Изоҳ (0)