Россиялик машҳур хонанда Валерий Меладзе Дубайдаги янги йил корпоратив кечасидаги нутқида «Қаҳрамонларга шон-шараф» дея, мухлисининг мурожаатига жавоб қайтарди. Бунинг ортидан Россия расмийлари уни фуқароликдан маҳрум қилиб, «хорижий агент» деб эълон қилишга чақирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Дубайдаги корпоратив кечада Меладзенинг мухлиси унга «Украинага шон-шараф!» дея мурожаат қилган. Бунга жавобан Меладзе микрофонни оғзидан олиб, «Қаҳрамонларга шон-шараф» дея жавоб қайтарган ва кўзини қисиб қўйган. Хонанда корпоратив кечаси «сиёсатдан ташқарида» эканини айтиб ўтган.
Россия расмийлари эса Меладзенинг Украинанинг қўллаб-қувватлаб айтган шиорини танқид қилиб, уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилишга ва хорижий агент деб эълон қилишга чақирган.
Меладзенинг ўзи эса 3 январь куни Instagram саҳифасида танқидларга муносабат билдирган.
«Одамлар, мени эшитишингизни ва сўзларимни тушунишингизни хоҳлайман. Мана 10 ойдирки, мен ҳам бошқа одамлар каби қайғу ҳисси билан яшаяпман. Мен жуда яхши кўрган халқлар тўқнашувда бўлиб, одамлар ҳалок бўлмоқда. Ҳеч кимдан нафратланишни хоҳламайман ва кимнидир рози қилишга ҳам ҳаракат қилмайман. Мен фақат қарама-қаршилик тўхтаб, яқин халқлар ўртасида тотувлик ўрнатилишини орзу қиламан. Бунинг учун эса бор кучимни беришга тайёрман», — дейди Меладзе.
Валерий Меладзе аввал ҳам Украинадаги урушни қоралаган эди. Шундан сўнг хонанданинг Россиядаги концертлари бекор қилинган.
Изоҳ (0)