Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни Конституцияда мустаҳкамлаш.
Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида нима сабабдан эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш устувор масалалардан бири этиб белгиланди?
Бир қараганда, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатини, ислоҳотлар натижасини кузатиб бораётган инсон учун буни тушуниш айтарлик мушкул эмас. Бош мақсад – мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодий фаолиятга эркинлик бериш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кабилар. Бу эса, ўз навбатида иқтисодий муносабатларни шакллантиришда давлатнинг эмас, бозорнинг роли муҳим, деган тамойилнинг талабидир. Эркин бозор механизмларини жорий қилиш оқибатида оддий аҳоли зарар кўрмайдими, деган саволнинг пайдо бўлиши табиий албатта. Кўндаланг жавоб бераман, асло йўқ, аксинча фойда кўради. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистоннинг иқтисодиётни эркинлаштириш борасидаги ислоҳотлари бутун дунё матбуоти эътиборида, яъни, жаҳоннинг энг йирик компанияларининг диққат эътиборида турибди. Зеро, Ўзбекистонда эркин бозор механизмлари қанчалик мукаммал жорий этилса, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминланса, миллий бозоримизга кириб келаётган хорижий инвесторлар оқими шунчалик кўпаяди.
Аммо энг муҳим масала эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш орқали маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдир. Тадбиркор қанча қўллаб-қувватланса, иқтисодиёт ривожланади. Бу эса, ўз навбатида қуйидаги натижаларни беради:
биринчидан, бозорларимизда маҳсулотлар тўкинлигини ва арзончлиги таъминланади; иккинчидан, аҳолига сифатли миллий товарлар етказиб берилади; учинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигига эришилади; тўртинчидан, аҳоли бандлиги таъминланади; бешинчидан, камбағаллик даражаси камаяди, аҳолининг фаровонлиги ошади; олтинчидан,энг муҳими миллий иқтисодиёт юксалади.
Энг муҳими, экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш масаласи босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда экспорт билан шуғулланадиганларга ҳар томонлама шароит яратишга ҳаракат қилинмоқда. Бу ҳолат сўнгги 5-6 йилда сезиларли даражада ўзгарди. Натижада экспорт қилувчи корхоналарнинг экспортдаги ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилиш механизми жорий этилди. Экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар натижасида, экспорт номенклатураси 74 та янги турдаги маҳсулот ва географияси 42 та мамлакатга кенгайиб, экспорт ҳажми 2016 йилдаги 12.1 миллиард доллардан 2021 йилга келиб 16.6 миллиард долларга етди. Жорий йилда эса экспорт хажми 19 миллиард АҚШ долларига етди. Республикамиз томонидан инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси, меҳнат муносабатлари, бошқарув стандартлари бўйича 27 та халқаро конвенция талабларини бажаргани тўғрисидаги Еврокомиссия хулосасига кўра, жорий йил апрель ойида Европарламент бизга Европа иттифоқи давлатларига божсиз экспортни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи GSP+ имтиёзини тақдим қилган эди. Шундай қилиб, юртимиз мазкур имкониятни қўлга киритган дунёдаги тўққиз давлатдан бирига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хусусий мулкчиликни давлат томонидан кафолатлаш, тадбиркорлик эркинлигини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида амалиётда талаб ва таклиф, рақобат ҳамда нарх каби бозор механизмлари ишлай бошлади. Агар таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, сўнгги 5 йилда ички бозор учун зарур бўлган 3,5 минг турдаги товарлар учун импорт божхона божи, 1,1 минг турдаги товарлар учун акциз солиғи бекор қилинди, шунингдек, 3 мингдан зиёд турдаги товарлар учун импорт божхона божлари кескин камайтирилди.
Солиқ турлари 13 тадан 9 тага, солиқ текширувлари турлари эса, 13 тадан 3 тага қисқартирилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси – 20 фоиздан 15 фоизга, ижтимоий солиқ ставкаси – 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Соғлом рақобатни таъминлаш учун валюта бозори либераллаштирилди, шу жумладан экспортдан келиб тушган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш талаби бекор қилинди, фуқаролар учун миллий ва хорижий валютани эркин конвертация қилиш имконияти яратилди. Тадбиркорлик соҳасида талаб этиладиган 114 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинди ҳамда 33 турдаги лицензия ва рухсатнома ўрнига хабардор этиш тартиби жорий қилинди.Таъкидлаш зарурки, аҳолиси фаровонлигини таъминлашнинг энг бирламчи омили мамлакат ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ундан самарали фойдаланиш билан узвий боғлиқ.
Ҳудудларда барқарор ривожланиш кўрсаткичларига эришмасдан туриб, миллий иқтисодиётни ривожлантириш ҳақида фикр билдиришнинг ўзи мантиқий нуқтаи назардан самарасиз ҳисобланади. Шунинг учун ҳудудларнинг молиявий-инвестицион салоҳиятини оширишга замин яратилса бу ҳолат ҳудудлардаги саноат корхоналари учун бизнес муҳитини яратишга туртки беради ҳамда барча ҳудудлар тенг ривожланишига хизмат қилади.
Шундай эса-да, баъзи ҳолларда давлат секторининг бозор муносабатларига аралашуви кўп ҳолатларда нафақат иқтисодий самарасизлик ва эркинликларнинг тўсилишига, балки коррупцияга ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу боис ҳам, давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида эркин бозор механизмларини жорий қилиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур масалаларнинг Конституция орқали мустаҳкамланиши келажакда миллий иқтисодиётни янада ривожлантиришга эркинлик бериш билан бирга соҳадаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этади.
Спикерлар:
- Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Нодирбек Расулов;
- Иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими Дмитрий Тростянский.
Изоҳ (0)