Актёр Дилшодбек Каттабеков «Chotki TV» кўрсатувига берган интервьюсида «Кичкина табиб» фильмидаги қизиқарли воқеалар, кинокартинадаги ролидан қанча гонорар олгани, Умра сафарига бориб келгани, ёшлигидаги камситишлар сабаб санъатни тарк этмоқчи бўлгани, «Ниҳол» мукофотини олишда пул сўрашгани, ота-онаси, фестивалдаги ҳолатлар ҳақида гапирди.
«Баъзи вайнерларнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган ҳаракати ёшларнинг онгини бузади»
Юртимизда, пойтахтимизда катта-катта фестиваллар бўлади, ижтимоий тармоқларда тўс-тўполон, овқатга талашишлар ҳолати акс этган видеолар тарқалиб кетади. Баъзи вайнерларнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган ҳаракати ёшларнинг онгини бузади. Буларнинг ҳаммаси кўпроқ обуначи йиғиш учун қилинадиган ҳаракатлар. Буни эса жамиятимиздаги хато деб аташ мумкин.
1998 йилда «Ўзбекфильм»да «Кичкина табиб» фильмига кастинг бўлаётганини айтишди. 1996 йил Тошкентга келганимиздан сўнг Фаррух Зокировнинг ҳайдовчиси билан қариндошдек бўлиб кетган эдик. Шу инсон «Туркистон» саройида қўшиқ айтиб турган пайтимда ёқтириб қолиб, ўзларининг оиласига қабул қилган ва дадамга ўғлингизни ўз ўғлимдек кўраман, деган. Бувим эса 30 йилдан ортиқ муддат давомида «Ўзбекистон» телерадиокомпаниясида бошловчи бўлиб ишлаган, то 2016 йилгача шу инсоннинг хонадонида яшаб, мактабга, тадбирларга, суратга олиш жараёнларига ҳам ўша ердан бориб юрганман. У инсон иккинчи онамдек бўлиб қолган, биринчи онам Сирдарёда, иккинчиси Тошкентда, дейман.
«Ўша пайтда кинолар лентада олинган, хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди»
Шу билан бувим 1998 йилда «Ўзбекфильм»га олиб борган, юзта бола қатнашган кастинг бўлган. Охирида шу рол менга насиб қилган. Қарасам, ҳаммаси ўзим бир йил олдин телевизорда кўрган актёрларим бўлган. Мурод Ражабовни «Темир хотин»да, Ражаб Адашевни «Абдуллажон»да, Карим Мирҳодиевни «Чархпалак»да кўрганман. Бундан ташқари, Фотима Режаметова, Зикир Муҳаммаджонов, Мунаввара Абдуллаева бор эди, борсам актёрлар ансамбли йиғилган, бу ҳам бир бахт эди. Бу ҳам ўзимни эркин ҳис қилишимга туртки бўлган, улар менга ролни ижро этишимга ёрдам берган.
Ўша пайтда кинолар лентада олинган, хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳозиргидек эмас эди, бир кун олдин яхшилаб матнни ёдлаб, эртаси куни суратга олиш жараёнларига бориб, ҳолатга кириб ўйналган. «Кичкина табиб»нинг ҳам бир ютуғи актёрлар ансамблининг жам бўлганидадир, жамоа зўр йиғилган эди. Шундан кейин менга «Кичкина табиб»да чиққан бола деб таъриф беришадиган бўлди. Кимдир исмимни билмаса ҳам, Дониёр деб чақирар эди.
«Болаликда уларни кўп хафа қилганман, кечиришларини сўраб қоламан»
Ота-онамизга қанча қилсак кам. Отамнинг исми Равшан, онамнинг исми Дилором. Дадам 1961 йилда, онам 1964 йилда туғилган. Бола бир марта куюнса, ота-она ўн марта куюнади, бошида қийин бўлган, чунки ота-онамнинг ҳар доим олдида юрадиган фарзанди танлаган соҳаси сабаб узоқда юриши керак бўлган.
Ҳар биримиз Тошкентга мусофир бўлиб келганмиз, умуман олиб қараганда, Тошкентни ҳамма вилоятлардан келган мусофир инсонлар ташкил этади. Шундай ота-онанинг фарзанди эканимдан фахрланаман. Болаликда уларни кўп хафа қилганман, кечиришларини сўраб қоламан. Вақти келганда, яхши кунларда ёнида бўлолмаганман.
Дилшодбек Каттабеков Умра сафарини адо этиши пайтидаги ҳиссиётлари ҳақида
«У ерга бориш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Эшитганман, Маккага 15 кунлик йўлланмани олиб, у ерга 100 метр қолганда, автобусдан тушиб оёғи қайрилиб синиб кетиб, Маккани кўра олмай қайтиб келганлар ҳам бўлган. Аллоҳ чақиради ва бандасини сабабчи қилиб кўрсатиб қўяди.
Саудия Арабистонида яшовчи ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машарипов яхши таклиф билдирди, виза ва йўл ҳаққини ўзингиз кўтаринг, қолганини мен қилиб бераман, деди. Меҳмонхона керак эмас, менинг уйим бор деди. Йил бошидан ният қилиб, шу нарса октябрь ойига тўғри келди. Бу ҳақда ота-онамга кетишимга бир кун қолганда айтдим.
Борганда биринчи икки кун Мадинада бўлдик. Мадинага борган инсон яна у ерга боргиси келаркан. Кейин эса пайшанба куни йўлга чиқиб Маккага жўнадик. Жума намозини Маккада ўқидик, бу ҳам бир бахт. Маккага борган инсон онадан қайта туғилгандек бўлар экан. Дарвозага кирганда кўзим узоқдан Каъбага тушди.
Жалолиддин Машарипов бизга вакил сифатида бир инсонни қўшиб юборган эди, у Умра амалларини билар экан. У менга қараб «Каъбани ушлагингиз келяптими?, шундай бўлса озгина сабр қилинг, Аллоҳнинг ўзи йўл очади», деди. Мени ваҳима босди, қарасам ҳамманинг бўйи мендан баланд, мен уларнинг орасида паст бўй билан тиқилиб қолдим. Етти марта тавоф қилиш жараёнида туртилиб-туртилиб Каъбага қўлимни теккизиб дуо қилдим.
«Кўнглимга оғир ботган, уйдагиларга кўчага чиқмайман, устимдан кулишяпти, санъатни ҳам ташлайман, деб йиғлаганман»
Болалигимда айрим инсонлар қўли билан бигиз қилиб кўрсатган, шахсиятга тегиш ҳолатлари бўлган. Камчилигимни, ташқи кўринишимни айтиб кулганлар ҳам бўлган. Кўнглимга оғир ботган, уйдагиларга кўчага чиқмайман, устимдан кулишяпти, санъатни ҳам ташлайман, деб йиғлаб айтганман. Ота-онам бошимни силаб, «Улар кулса кулаверсин, сен хурсанд бўл, Аллоҳ сени шунақа кичкина қилиб, азиз қилиб қўйибди», дер эди.
Ҳозирги кунда бундан афсусланмайман, соғломман, оқ-қорани ажратиб биламан, тенгдошларимдек бўйим узун бўлганда, балки бу даражада машҳурликка эришмаган бўлар эдим. Қайсидир маънода шу жуссам билан бошқа ҳамкасбларимнинг орасида ажралиб тураман. Ёшимиз улғайган бўлса ҳам, инсонлар ҳалиги бола, деб кўрсатади. Ҳамма ўксинишлар, хафа бўлиш болаликда қолиб кетган.
«Истеъдодимни сотиб шу унвонни оладиган бўлсам, керак эмас, деганман»
Лицейни битирган вақтим, 2008 йилда ҳам «Ниҳол» мукофотига, ҳам санъат олийгоҳига топширганман. Ўша пайти туман, вилоят босқичларидан ўтиб республика босқичига етиб борганман. Ҳозир у одамлар лавозимида борми ёки йўқми, билмайман. Кейин менга келиб, «Бу босқич қийин бўлади», дейишган. Қайси томонлама десам, маблағ билан боғлиқлигини айтишган. Пул талаб қилишган, 2008 йилда 500 доллар сўрашган. Истеъдодимни сотиб шу унвонни оладиган бўлсам, керак эмас, деганман. Ҳақиқий унвон — халқнинг меҳри, эътибори.
«Охири оёғим қоқилиб, тиканакларга бурканиб пастга тушиб борганман»
«Кичкина табиб» фильмида жуда қизиқарли воқеалар бўлган. Биринчи воқеа — Мурод ака Ражабов мени кўтариб олган пайтлари йўлимизни тўсиб машинага отиб юборадиган жойлари бор. Ролга шу даражада берилиб кетганларки, озғин, енгил бўлганим учун отиб юборганлар, бу эшикдан кириб нариги эшикка бориб урилганман. Кейин суратга олиш жараёни тугагандан кейин қаттиқ отмадимми, деб сўраганлар.
Яна бир қизиқарли воқеалардан бири тепаликка чиқиб, Аллоҳга илтижо қилаётган вақтда итнинг занжирини қўлимга икки-уч марта боғлаб олганман. Бу ит ҳам ўргатилмаган эди, қишлоқдаги бир хонадоннинг ити бўлган. Унга бир ҳафта давомида гўшт бериб ўзимизга ўргатиб олганмиз. Шу ит билан тепаликка чиқиб кетган вақтимда суратга олиш ишлари бошланган, кейин эса занжирни ечмасимдан олдин, ит пастга қараб югуриб кетган. Охири оёғим қоқилиб, тиканакларга бурканиб пастга тушиб борганман. Ўша пайт совуқ эди, кейин режиссёрлар югуриб келиб, автобусга олиб кириб, ҳамма еримга спирт суртишган.
«Қоғозни бериб, қўл қўй дейишган, шу пайт қўлимни қоғознинг устига қўйган эканман»
«Кичкина табиб» фильмидан 1998 йилда 50 минг сўм гонорар олганман. Ўша пайт ўзимни олиб боришган, кичкина эдим. «Ўзбекфильм»га борганман, адашмасам, бухгалтер рус аёл бўлган, мени кўтаришган. Қоғозни бериб, қўл қўй дейишган, шу пайт қўлимни қоғознинг устига қўйган эканман, кейин улар имзо қўйишим кераклигини тушунтиришган. Ўша пайти биринчи фильмимдан 50 минг сўм олганман.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)