Шимолий Кореяга қарши жорий қилинган санкциялар мамлакатда ҳарбий сунъий йўлдошларни ишлаб чиқариш ва ривожлантиришга тўсиқ бўла олмайди, дейилади КХДР етакчисининг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Ким Ё Чжон баёнотида. Баёнот Корея марказий телеграф агентлигида чоп этилди.
«Бизнинг яшаш ва ривожланиш ҳуқуқимиз таҳдид остида. Шундоқ ҳам қачонлардан бери бошдан кечираётган санкциялардан нега қўрқишимиз керак? Биз суверен давлатнинг қонуний ҳуқуқлари қандай тортиб олинаётганини индамай кузатиб ўтирмаймиз, керак бўлса, ҳаётимиз эвазига бўлса ҳам ҳуқуқларимизни тиклаймиз», — дейилади баёнотда.
Ким Ё Чжон ҳарбий сунъий йўлдошлар ишлаб чиқаришни мамлакатнинг халқ хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ бўлган устувор йўналиши деб атади.
Корея марказий телеграф агентлиги, шунингдек, КХДР Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг баёнотини ҳам чоп этди. Унда айтилишича, Япониянинг янги хавфсизлик стратегияси «бошқа давлатларга қарши ҳужум қобилиятига эгалигини расмийлаштиради» ҳамда Корея ярим ороли ва Шарқий Осиёда катта хавфсизлик инқирозини келтириб чиқаради.
«Япониянинг қайта қуролланиши БМТ низомини қўпол равишда бузиш ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид», — дейилади хабарда. Унда таъкидланишича, КХДР Япониянинг ҳаракатларидан хавотирда эканини кўрсатиш учун «амалий ҳаракатлар» қилади.
18 декабрь куни КХДР ҳарбий разведка сунъий йўлдошини яратиш доирасида «муҳим синовлар» ўтказди, унинг мақсади «сунъий йўлдошдан суратга олиш тизимларининг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш» эди. Пхеньян бортида синов машинаси бўлган кучайтирувчи ракетани тахминан 500 км баландликка учирган. Пхеньян биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёргарликни 2023 йил апрелигача якунлайди.
Ўша куни Жанубий Корея ҳарбийлари ва Япония ҳукумати Пхеньян Япон денгизи томон ўрта масофага мўлжалланган иккита баллистик ракетани учиргани ҳақида хабар берди. Улар максимал 550 км баландликда тахминан 500 км масофани босиб ўтган ва Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига тушган. Токио Пхеньянга норозилик билдирди.
Изоҳ (0)