Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Канар оролларида «Магницкий иши» бўйича асосий гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда Европол хабар берди.

Фото: DPA

Фото: DPA

Гумонланувчининг исм-шарифи ошкор этилмаяпти, аммо полиция хизмати пресс-релизида таъкидланишича, бу одам ҳуқуқшунос Сергей Магницкий суриштирув олиб борган пул ювиш бўйича жиноий схеманинг марказий бўғини бўлган.

Европол маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ гумонланувчи раҳбарлиги остида Россия бюджетидан камида 219 миллион евро маблағни ўғирлаган. Бу маблағлар Европадаги банк ҳисоблари орқали ўтказилган, кейин эса Испанияда кўчмас мулк сотиб олишга йўналтирилган.

Иш доирасида аллақачон 25 миллион евролик 75 та кўчмас мулк объекти хатга олинган. Кўчмас мулк «Испания билан деярли боғлиқлиги бўлмаган» Россия фуқаролари ёки ҳақиқий иқтисодий фаолият олиб бормайдиган ва мамлакатда рус тилида сўзлашувчи ҳамжамиятга алоқадор бўлмаган сохта компаниялар томонидан сотиб олинган.

«Магницкий иши»

Адвокат ва аудитор Сергей Магницкий Россияда 2008 йилда Hermitage Capital фондининг солиқ тўлашдан бўйин товлаш иши бўйича ҳибсга олинган. У 2009 йилда «Матросская Тишина» тергов изоляторида вафот этди. Вафотидан кейин 2013 йилда айбдор деб топилди. Hermitage Capital раҳбари Уильям Браудернинг сўзларига кўра, тергов изоляторида Магницкийни ўлдиришган, унинг таъқиб қилиниши аудитор Россия бюджетидан 230 миллион доллар ўғирланишига оид коррупцион схемани фош қилгани билан боғлиқ.

Магницкийнинг ўлими ва Браудернинг баёнотлари АҚШда «Магницкий акти» қабул қилинишига сабаб бўлди, унинг асосида Россиянинг айрим фуқароларига қарши санкциялар жорий қилинди. Кейинчалик ушбу санкцияларга Европа Иттифоқи, Канада, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар қўшилди. Сўнгги ўн йил ичида Браудер россияликлар томонидан Швеция, Эстония, Австрия ва бошқа мамлакатларда пул ювилиши эҳтимоли бўйича бир қатор текширувларни бошлади.

Россияда солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича Браудерга қарши жиноий ишлар қўзғатилган. 2013 йилда у сиртдан умумий режимдаги колонияга тўққиз йилга ҳукм қилинган. 2018 йилда унга қарши янги жиноий иш қўзғатилди — Бош прокуратуранинг таъкидлашича, фонд раҳбари солиқлардан қочиш учун трансмиллий жиноий ҳамжамиятни ва шу билан боғлиқ фирибгарлик схемаларини тузган.

2019 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Сергей Магницкий, унинг рафиқаси Наталя Жарикова ва онаси Наталя Магницкаянинг шикоятини қаноатлантирди. Магницкий 2009 йил 11 июлда — ўлимидан тўрт ой олдин Европа судига ўз номидан шикоят билан мурожаат қилган. Магницкийнинг беваси 2010 йил март ойида шикоятга қўшилган; аудиторнинг онаси судга 2012 йил августда мурожаат қилган.

Суд Россия ҳукумати қамоқхона раҳбарияти томонидан Магницкийга нисбатан яшаш ҳуқуқи, ҳибсда сақлаш ва муомала чоғида қийноқларнинг тақиқланиши шартлари бузилишига йўл қўйиб берган деб топди. Европа суди, шунингдек, Россия Магницкийга нисбатан ҳибсда маъқул муддат сақлаш ва маъқул муддатда адолатли суд қилиниш билан боғлиқ тартиб-қоидаларни бузганини тасдиқлади. Суд икки аризачига 34 000 евро ундириб берди.

2021 йил июлида эса Швейцария Бош прокуратураси Уильям Браудернинг Hermitage Capital Management компанияси томонидан 2011 йилнинг март ойида киритилган даъво бўйича олиб борилаётган жиноий ишни ёпди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Тошкентда 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди
Маҳаллий
Андижондаги заправкада навбатсиз киришга уринган ҳайдовчи бир неча ИИБ ходимлари томонидан ушланди (видео)
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда нархларнинг ўсиши суръати январь ойида пасая бошлади