Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

5 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Пермдаги клубда мушакбозлик оқибатида юз берган ҳалокатли ёнғин, Лондонда 12 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган «Буюк смог» ҳамда Москвадаги Нажоткор Масиҳ черковининг портлатилишига оид фактлар ўрин олган.

«Оқсоқ от» клубидаги ҳалокатли ёнғин

2009 йил 5 декабрь куни Пермдаги «Оқсоқ от» клубида юз берган ёнғин оқибатида 156 киши ҳалок бўлган, яна 82 киши жароҳат олган эди. Ўша куни тадбир ташкилотчилари клуб очилганининг 80 йиллиги муносабати билан бинога мушакларнинг олиб кирилишига рухсат берган ва натижада шифтда ёнғин юзага келганди. Меҳмонлар бинодан қочиб чиқиш вақтида бир-бирини босиб кетган.

Фото: «РИА Новости»

Тадбирга 250 га яқин одам таклиф этилган. Шу куни 18 ёшли Андрей Кострулев ҳам ишлаш учун клубга келганди. У ўқишига пул тўплаш учун клубда аниматор бўлиб ишлаган. Маҳаллий вақт билан соат 21:00 да Кострулев махсус костюмда асосий кириш эшиги тагида турар ва меҳмонларни кутиб оларди — унинг мажбурияти қаторига турли совға дискларини ва бепул коктейлларни тарқатиш кирарди.

«Шоу дастур бошлангач, залдаги меҳмонлар олдига бордим. Барчада байрам кайфияти эди, одамлар жуда кўп келганди», — дейди у.

Тунги соат 01:00 ларга яқин клубга 19 ёшли Анна Бунакова ҳам келган. «Дугонамникига меҳмонга келгандим ва кутилмаганда унинг дўстлари клубга таклиф қилди. Бошқа режаларимиз йўқлиги боис биз рози бўлдик», — дейди қиз.

Қиз ташкилотчилар мушакбозликни бошлаган вақтда клубга кирган. Бунакова янги танишлари билан бирга стол атрофида ўтирган ва қўлига менюни олган вақтида бошловчи микрофонда гапиришни бошлаган: «Хонимлар ва жаноблар, биз ёняпмиз!».

Фото: «РИА Новости»

Аниматор Андрей Кострулевнинг сўзларига кўра, ёнғин пиротехника воситалари отиб бўлиниши билан юзага келган. Бироқ ҳамма ҳам бошловчининг гап-сўзларини жиддий қабул қилмаган. «Оловга эътибор қаратмадим. Бошловчи шундай оҳангда гапирдики, у жиддий гапираётган ёки ҳазиллашаётганини тушуниб бўлмасди. Натижада ҳамма асосий чиқиш жойига югуришга тушди. Свет ўчди, зулмат қоплади ва меҳмонлар бир-бирини босишни бошлади», — дейди Бунакова.

Қиз қоқилиб кетиб, юзи билан полга йиқилган — ўз жонидан хавотирга тушган меҳмонлар уни тепкилаб ўта бошлаган. Жабрланувчи кислород етишмовчилиги сабаб ҳушини йўқотган, тепадан эса коридор шифти безатилган пенопласт оқа бошлаган.

Бу вақтга келиб 18 ёшли Кострулев ва клубнинг бошқа ходимлари хизмат хонасидаги буюмларини йиғиштиришга тушган. «Гўёки биз 10 дақиқа айланиб, ортга қайтамиз ва барчаси яхши бўладигандек. Анимацион жамоадаги қиз ўз буюмларини олди. Биз хотиржам нарсаларимизни йиғиштиришга тушдик ва кутилмаганда вентиляцион тешикдан тутун кира бошлади, кўп ўтмай ҳеч нарса кўринмай қолди», — дея эслайди аниматор.

19 ёшли Бунакова ўрнидан туришга куч топган. Бу вақтга келиб коридор бўшаб қолган, қиз кўчага чиқиб, одамлар кўзларида ёш билан шерикларини қидирарди. Пермлик қиз ҳам дўстларини қидиришга тушган. Кейинроқ аниқланишича, қизнинг дугонаси тиқилинчда ҳалок бўлган.

Фавқулодда хизматлар ҳали етиб келмагани боис ташаббускорлар гуруҳи тузилган ва одамлар клуб офиси ойналарини синдиришга тушган. Автомобильда ўтирган ходимлардан бири клуб эгасига қўнғироқ қилиб, унинг аҳволи билан қизиққан. «Озгина куйиш жароҳатини олдим, шифохонага кетяпман», — деган у. Кўп ўтмай эркак шифохонада вафот этган.

Фото: «РИА Новости»

Ўша машъум кечада 156 киши ҳалок бўлган — уларнинг 96 нафари ҳодиса жойида, қолганлар шифохонада вафот этганди. Омон қолган 82 киши ҳам куйиш, заҳарланиш ва бошқа касалликлардан узоқ вақт даволанган. Айримлар ҳатто бир умрга ногирон бўлиб қолган.

«Оқсоқ от» клубидаги ёнғин бўйича жиноят иши қўзғатилган. Фавқулодда ҳолатдан кейин Перм маъмурияти раҳбари Аркадий Кас, 9 декабрь куни Перм ўлкасининг бутун ҳукумати истеъфо берган.

Тергов иши 2010 йил июнда якунланган. Клуб эгаси Анатолий Зак, шунингдек, ижрочи директор Светлана Ефремова ва арт-директор Олег Феткулов суд қаршисида жавоб берган. Улар хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатишда айбланган.

Зак шунчаки клубнинг инвестори эканини маълум қилган. Ижарачи билан келишувга кўра, Александр Титлянов муассасадан келадиган даромаднинг 50 фоизини олган. Эркакнинг сўзларига кўра, у клубнинг ички муаммолари билан шуғулланмаган.

Фото: «РИА Новости»

Титляковнинг ўзи 2009 йил 9 декабрь куни ёнғин вақтида олган куйиш жароҳатлари оқибатида вафот этганди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилган. Орадан уч ой ўтгач — 2013 йил 30 апрель куни Зак 9 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ефремова ва Феркулова мос равишда тўрт ва олти йилга қамалган.

Пиротехника шоусини ташкил этган Сергей Дербенев ва унинг ўғли Игорь ҳам мос равишда тўрт ҳамда беш йилга қамалган.

Лондонда юз берган «Буюк смог»

1952 йил 5 декабрь куни лондонликлар эрта тонгда уйғониб, мусаффо осмонни кўради. Барча ўз ишига шошила бошлайди. Бир неча ҳафтадан бери давом этаётган изғирин шаҳар аҳолиси уйларини анча совитганди. Совиб қолган уй ва фабрикаларни иситиш учун кўмир ёқиш бошланади. Мўрилардан чиқаётган паст сифатли кўмир тутунига автомобиль ва дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи автобус тутуни ҳам қўшилади. Бир неча соат ичида Лондонни сарғиш тутун қоплаб олади. Албатта, бундай смог Лондон аҳолиси учун янгилик эмас эди, бироқ бу сафар туман анча қуюқлашган.

Фото: BigPicture

Антициклон натижасида юқори ҳаво босими Англия жанубида туриб қолади ва бу ҳаво ҳароратининг ўзгаришига олиб келган. Совуқ ҳаво иссиқ ҳаводан юқорироқда туриб қолади ҳамда шаҳар юзини ҳаво томчиларига қўшилган заҳарли моддалар тутуни эгаллайди. Ҳароратнинг ўзгариши олтингугуртли кўмир тутунининг атмосферага кўтарилиб кетишига йўл бермайди, чунки тутунни учириб олиб кетувчи шамол пастда йўқ эди. Заҳарли смог Лондон осмонининг пастида, шаҳар юзида туриб қолади. Натижада тарихдаги энг даҳшатли ва ифлосланган туман пайдо бўлади.

Туман шу қадар қуюқлашадики, шаҳарнинг баъзи қисмларида одамлар юриш пайтида ўз оёқларини кўрмай қолади. Беш кун давом этган смог шаҳар инфратузилмасини фалаж қилиб қўяди. Метродан бошқа барча транспорт фаолияти ишдан чиқади. Поездлар ва Темзадаги қайиқлар ҳаракати тўхтатилади, парвозлар бекор қилинади. Ҳукумат ота-оналардан фарзандларини мактабга юбормасдан уйда олиб қолишни сўрайди. Жиноятчилик даражаси ошади. Шаҳардаги чорва моллари эса ёппасига бўғилиб ўла бошлайди. Кўчадан қайтган одамларнинг юз ва қўллари кўмирчиларникидек қоп-қора бўлиб қолади.

Фото: BigPicture

Аҳвол 9 декабрга келибгина — ғарбдан эсган шамол олтингугуртли смогни Лондон осмонидан Шимолий денгиз томон олиб кетгач, ўнглана бошлайди. Смоглар одатий ҳол бўлгани сабаб аксарият лондонликлар бу сафарги смог аянчли оқибатлар келтириб чиқарганини дастлаб тасаввур ҳам қилмаган. Бир неча ҳафтадан сўнг эълон қилинган рақамлар эса жамоатчиликни даҳшатга солган, юз берган воқеа шунчаки тутунли туман эмас, балки «Буюк смог» эканини кўрсатган.

Уинстон Черчилл ҳукумати аввалига маълумотларни яширишга уринган. Аммо «касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деганларидек, Лондонда марҳумларнинг тобути устига қўйиш учун гул ва тобутлар қолмагач, расмийлар охир-оқибат «Буюк смог»га доир ахборот ва рақамларни ошкор қилишга мажбур бўлади.

Фото: BigPicture

Ҳукумат эълон қилган ҳисоботга кўра, «Буюк смог» даврида Лондон атмосферасига минг тонна тутун зарралари, икки минг тонна карбонат ангидрид, 140 тонна хлорид ва 14 тонна фтор моддалари кўтарилган. Тутунли туман таркибида 370 тонна олтингугурт диоксиди ва 800 тонна сулфат кислота мавжуд бўлгани аниқланган.

Ҳукумат ҳисоботида «Буюк смог» оқибатида 4 минг киши ҳаётдан кўз юмгани айтилади. 1953 йил февраль ойида Британия парламентининг Жамоалар палатаси қурбонлар сони аслида кўпроқлиги, «Буюк смог»дан кейинги ҳафта ва ой давомида яна 8 минг киши вафот этганини эълон қилади. Умумий ҳисобда «Буюк смог» 12 минг кишининг умрига зомин бўлади, 25 минг инсон касаллик таътилига чиқишга мажбур бўлади. Чорва моллари билан боғлиқ талафот эса ҳисоблаб чиқилмайди.

Фото: BigPicture

«Буюк смог» барчани сергак торттиради. Бу шафқатсиз сабоқ ҳаво ифлосланиши ҳақидаги фикрларнинг ўзгаришига сабаб бўлди. Саноатда янги экологик стандартлар қабул қилина бошланади. Буюк Британия ҳукумати кўмир ўрнига газ ва электрдан фойдаланишни жорий қилади. Орадан 4 йил ўтиб, экология тарихидаги муҳим қонун — шаҳарларда кўмир ёқишни чеклаб, саноат корхоналарни шаҳарлардан узоқлаштирган «Тоза ҳаво тўғрисидаги қонун» қабул қилинади.

Шунга қарамай, инсоният кейинчалик яна бир неча ҳалокатли смогларни бошдан ўтказди. Аммо уларнинг ҳеч бири «Буюк смог» даражасида даҳшатли бўлмаган.

Болшевиклар томонидан портлатилган Нажоткор Масиҳ собори

1931 йил 5 декабрь куни Москвада Россиянинг асосий собори — Нажоткор Масиҳ черкови портлатилган эди. Орадан 60 йил ўтгач, у қайта тикланган.

Нажоткор Масиҳ черковининг портлатилиши, 1931 йил / Янги Нажоткор Масиҳ черкови, 2021 йил

Нажоткор Масиҳ черковининг портлатилиши, 1931 йил / Янги Нажоткор Масиҳ черкови, 2021 йил
Фото: «ТАСС»

Черковнинг қурилиш ишлари қарийб 44 йил давом этган: 1839 йил сентябрдан 1883 йил майга қадар. У Рус империяси армиясининг Наполеон билан жангда ҳалок бўлган аскарлари хотирасига қад ростлаган. Черков тез орада Москванинг нафақат диний, балки маданий ҳаёти марказига айланган. 1882 йил 20 августда у ерда Чайковский «Увертюра»си илк бор ижро этилган.

Барчаси 1917 йилги инқилобга қадар шундай давом этган. Нажоткор Масиҳ черкови йўқ қилиниши керак бўлган объектлар қаторига киритилган — унинг ўрнида янги Советлар саройини қуриш режалаштирилган. Советлар саройининг умумий баландлиги 415 метрга етиши ва шу орқали янги иншоот дунёдаги энг баланд бинога айланиши керак эди. Москва раҳбариятига бошқа лойиҳа ҳам таклиф этилган: черков ўрнига Лениннинг ҳайкалидан иборат улкан минора қурилиши лозим бўлган.

Нажоткор Масиҳ черковнинг тақдири 1931 йил 2 июнь куни ҳал этилган. Ўша йилнинг 18 августида уни бузиш ишлари бошланган, аммо бу иш кутилганидан кўпроқ қийинчилик туғдиргани боис черковни портлатиб юборишга қарор қилинган. 1931 йил 5 декабрь куни уруш қурбонлари хотирасига қурилган ёдгорлик йўқ қилинган. Миш-мишларга кўра, черков биринчи портлашга дош берган, шундан кейин ишчилар унга янги портловчи қурилмаларни отган.

Черков бўлакларидан Москвадаги янги биноларни қуришда фойдаланилган. Масалан, мармар плиталар «Кропоткиская» ва «Охотничий ряд» метро станцияларига, қаҳрамонлар номи ёзилган плиталарнинг бир қисми эса боғлардаги йўлакларга ётқизилган.

Нажоткор Масиҳ черкови ўрнида Советлар саройи барибир пайдо бўлмаган — кенг кўламли қурилиш учун тайёрланган металл конструкциялар 1941 йилда танкларга қарши тўсиқлар учун ишлатилган. Урушдан кейин «империя» лойиҳасига қайтмасликка қарор қилинган, шу боис узоқ йиллар черков ўрни улкан хандақлигича қолган. Хрушчёв даврига келиб эса у ерда афсонавий «Москва» бассейни қурилган.

Нажоткор Масиҳ черковини қайта тиклаш ғояси 1980 йиллар охирида пайдо бўлган. Ўшанда пойтахтда жамоат ташаббускорлар гуруҳи тузилиб, маблағ йиғишни бошлаб юборган. 1990 йил 5 декабрь куни тамал тоши қўйилган, қурилишнинг ўзи эса расман 1994 йилда бошланган.

1996 йил 6 август куни патриарх Алексий II черковдаги биринчи муқаддас маросимни ўтказган, 1999 йилда эса у икки қаватлига айлантирилган. 1999 йил 31 октябрь куни черков фойдаланишга топширилган.

Нажоткор Масиҳ черкови ва унинг олдига Александр III га атаб ўрнатилган ёдгорлик, 1917 йил

Нажоткор Масиҳ черкови ва унинг олдига Александр III га атаб ўрнатилган ёдгорлик, 1917 йил
Фото: «РИА Новости».

Черковнинг Кремль томонидан кўриниши, 1920 йил

Черковнинг Кремль томонидан кўриниши, 1920 йил
Фото: «РИА Новости»

Нажоткор Масиҳ черковининг бузилиши, 1931 йил

Нажоткор Масиҳ черковининг бузилиши, 1931 йил
Фото: «ТАСС»

Янги черков қурилиши, 1996 йил

Янги черков қурилиши, 1996 йил
Фото: «РИА Новости»

«Москва сити» ва Нажоткор Масиҳ черкови, 2019 йил

«Москва сити» ва Нажоткор Масиҳ черкови, 2019 йил
Фото: «РИА Новости»

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
АОКА “Human.uz” журналистлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирди 
Маҳаллий
Ўзбекистонда чиқинди газидан электр ишлаб чиқариш йўлга қўйилади 
Дунё
Путин йўқотишларга қарамай, баҳорда Украинага қарши янги ҳужумни режалаштирмоқда — Bloomberg