28 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан «кассета можароси» — Украина президенти кабинетига ўрнатилган диктофон, Антарктидага учган самолёт ҳалокати ҳамда Рузвельт, Черчилл ва Сталин иштирокида Теҳрон конференциясининг ўтказилишига оид фактлар ўрин олган.
Украина президентининг шахсий кабинетига ўрнатилган диктофон
2000 йилнинг 28 ноябрь куни украиналик депутат Александр Морозов Олий Рада минбаридан туриб «Мелниченконинг плёнкалари» номли диктофонга ёзиб олинган овозларни оммага эълон қилганди. Унда Украинанинг ўша вақтдаги президенти Леонид Кучманинг овозига ўхшаш эркак 16 сентябрь куни бедарак йўқолган журналист Георгий Гонгадзени ўлдириш бўйича буйруқ берганини эшитиш мумкин эди.Николай Мелниченко ким?
Украина хавфсизлик хизмати майори Николай Мелниченко икки йил давомида президентнинг шахсий кабинетидаги гап-сўзларни яширин равишда ёзиб олган. Унинг сўзларига кўра, Кучмадан ҳафсаласи пир бўлиб, коррупцияга барҳам беришга қарор қилган.
Мелниченконинг айтишича, у хизмати давомида давлат раҳбарининг кабинетида «камчилик» топган ва у ерга сигнализация ҳамда видеокамера ўрнатишни талаб қилган. «Мен Кучманинг кабинетида яшириниш мумкин бўлган жой — шкаф борлигини айтганман. Давлат қўқиқлаш хизматидан бўлган бирро ходим шкафга яшириниб, президентни ўлдириши ва бошқа эшикдан бемалол чиқиб кетиши мумкин», — деган собиқ соқчи.
Бироқ раҳбарият Мелниченконинг иддаоларига эътибор қаратмаган. Шунда у тажриба сифатида шкафга ўзи кириб олган. Шу вақтда кабинетга Кучма кириб келган, майор эса ундан чиқишга улгурмагани боис ярим кун давомида шкаф ичида қолган — шундагина Украина президенти «ҳақиқий босқинчи» эканини англаб етган.
«Кучма кабинетидаги шкафда ўтказган ярим куним фикрларимни бутунлай ўзгартириб юборди. Мен кимга хизмат қилаётганимни ва мамлакатни ким ўмараётганини тушуниб етдим. Шундан кейин ҳар куни кабинетга кириб, у ерда диктофон» қолдириб кета бошладим», — дейди у.
Мелничекни ўз кассеталаридан бирини Социалистлар партияси раҳбари Александр Морозовга берган, у эса ўз навбатида аудиони халққа эълон қилган.
«Мелниченко плёнкасида нима дейилганди?»
Парламент йиғилишида Морозов плёнкадаги овозлар Украина президенти Кучма, Президент Администрацияси раҳбари Владимир Литвин, ички ишлар вазири Юрий Кравченко ва Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Леонид Деркачга тегишли эканини маълум қилган. Суҳбат иштирокчилари жоурналист Гонгадзени нима қилиш ҳақида гаплашган.
Ушбу аудиоёзувларнинг эълон қилинишича, «кассета можароси»ни келтириб чиқарган ва Кучма жамоатчилик томонидан журналистнинг бедарак йўқолишида айбланган.
Ҳукумат муносабати ва тергов
Амалдаги ҳокимият ўзининг Гонгадзе ўлимига алоқадорлигини рад этган, бироқ 2002 йилда Олий Рада Муваққат тергов комиссияси Мирослав Гонгадзе ва Николай Мелниченконинг аризаларини кўриб чиқиб, аудиоёзувни ўрганиб ва АҚШда ўтказилган экспертиза хулосаларини инобатга олиб, Кучма, Литвин, Кравченко ва Деркачни журналистнинг ўлимида айбдор деб топиш учун етарлича асос борлигини маълум қилган. Бош прокурор Святослав Поскунга Украина президенти Леонид Кучма ва унинг атрофидаги қатор шахсларга қарши жиноят иши қўзғатиш топширилган.
«Мелниченконинг плёнкалари» Гонгадзенинг ўлдирилиши ичида далил сифатида келтирилган. Бироқ 2011 йил 14 декабрь куни суд Кучмани айблаш учун етарлича далиллар йўқлиги сабаб жиноят ишини тўхтатиш ва Мелниченконинг аудиоёзувларини далил сифатида инобатга олмаслик бўйича ҳукм чиқарган.
2011 йилда ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасининг собиқ бошлиғи Алексей Пукач суд давомида Георгий Гонгадзени шахсан ўзи ўлдирганини тан олиб, буюртмачилар исмини эълон қилган: Леонид Кучма, Владимир Литвин ва Юрий Кравченко. 2013 йил 29 январда у умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган.
Антарктидада ҳалокатга учраган туристик самолёт
1979 йил 28 ноябрь куни Янги Зеландиядан учган экскурсия рейси Антарктидадаги Росса оролининг Эребус вулқони тоғига урилган эди — 257 киши ҳалок бўлган. Аввалига ҳалокат учувчилар хатоси сабаб келиб чиққан дея ҳисобланган, кейинчалик эса фожиа парвоз режасининг нотўғри тузилгани сабаб келиб чиққани аниқланган.Air New Zealand авиакомпаниясининг McDonnell Douglas DC-10-30 самолёти навиация хатолиги сабаб Эребус вулқони билан тўқнашиб кетган. Хатолик компьютерга киритилган нотўғри парвоз режаси туфайли юзага клеган. Экипаж ўз имкониятига юқори баҳо бериб юбориб, булутли шароитда белгиланган баландликдан анча пастга тушган, хавфли яқинлашув сигнали (ГПWС) ишга тушган вақтда эса юқорида кўтарилишга улгурмаган. Вазият экипажнинг Антарктида бўйлаб парвозлар борасида таржибаси камлиги сабаб янада қийинлашган эди. Ҳодиса оқибатида 257 киши — 237 нафар йўловчи ва 20 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган.
1970 йиллар охирларида Douglas DC-10’нинг экскурсион парвозлари кенг тарқалган ва туристлар орасида машҳур эди. Борт Янги Зеландиядаги Окленддан кўтарилган, кейин Антарктида қирғоқларига яқинлашиб, Мак-Мердо кўрфазида пастлаган. Гид худди оддий автобусдаги каби экскурсияни олиб борган, йўловчилар эса музликлардаги пейзажлардан баҳраманд бўлиб кетган. Парвоздан 11 соат ўтиб, қайтиш йўлида авиалайнер Жанубий оролдаги Кристчерда ёнилғи қуйган ва яна бир соатдан кейин Оклендга қайтган.
Ҳалокатга учраган ТЕ 901 рейси ҳам олдингилардан ҳеч қандай фарқ қилмаган. Соат 07:10 да самолёт ҳавога кўтарилган. Уни тажрибали, бироқ мазкур йўналиш бўйича олдин парвоз қилмаган экипаж бошқарган. Бортда гид ва 15 нафар стюардесса бўлган. Соат 12:40 ларда авиалайнер Антарктида қирғоғидаги Росса ороли устидан учиб ўтган. У 1841 йилда британиялик Жеймс Кларк Росс томонидан очилганди ва ҳудудида жойлашган фаол вулқон — Эребус сабаб машҳур эди.
Douglas DC-10 ҳолатида кўрувчанлик Росса оролига қадар ажойиб бўлган, бироқ 4,8 километр баландликда булутлар пайдо бўлган. Бунга қадар 11 минг соат парвозларни амалга оширган ҳаво кемаси капитани Томас Коллинс 470 метрга қадар пастлашни бошлайди. ТЕ 901 рейсининг парвози режасига мувофиқ, туристлар Мак-Мердо қутб станциясини кўра олиши учун Росса оролига пастроқ баландликда учиши керак бўлган. Аммо самолёт йўналишдан адашиб кетган ва белгиланган траекториядан бир неча ўн километр узоқликда учган.
470 метр баландликка тушилиши билан ГПWС ишлаб кетган. Капитан двигателларни учиш режимига ўтказган ва штурвални ўзига тортган. Бироқ жуда кеч эди. Экскурсия лайнери катта тезликда Эребусга урилган: борт том маънода қояга чапланган ва ҳатто ёнғин юзага келмаган.
Фожиа бўйича тергов ишлари 1983 йилга қадар давом этган. Аввалига ҳалокат кема капитанининг паст баландликда ҳам учишга қарор қилгани сабаб келиб чиққан дея ҳисобланган. Бироқ кейинчалик аниқланишича, парвоз режаси координаталари 1977-уилда Янги Зеландия транспорт бўлинмаси томонидан бу каби экскурсиялар учун маъқулланганидан фарқ қилган.
Янги Зеландия Учувчилар ассоциацияси раиси Эндрю Ридлингнинг сўзларига кўра, DC-10 ҳалокати бугунги кунда барча фуқаролик авиациялари мавжуд бўлган муҳим тизим — ГПWСънинг такомиллаштирилишига сабаб бўлган. Ҳозирда мазкур тизимларга сайёранинг рельефлари киритилади ва у самолёт ҳолатини у билан таққослайди. «Бу Эребус ҳалокатидан хулоса қилинган энг муҳим дарс», — дейди Ридлинг.
Унинг айтишича, ҳозирги кунда такомиллашган авиация технологиялари ва учувчиларнинг машғулотлари боис бундай ҳалокатлар юз бериш эҳтимоллиги жуда кам.
Теҳрон конференцияси
1943 йил 28 ноябрдан 1 декабрга қадар Теҳронда антигитлер коалициясига аъзо учта давлат етакчилари — СССР раҳбари Иосиф Сталин, АҚШ президенти Франклин Рузвельт ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл иштирокида конференция бўлиб ўтганди.Мазкур учрашув тарихга Теҳрон конференцияси сифатида кирган. Унда «катта учлик» — Сталин, Рузвельт ва Черчилл биринчи марта тўлиқ таркибда тўпланган эди.
Конференция Ишида, шунингдек, ташқи ишлар вазирлари, сиёсий ва ҳарбий маслаҳатчилар иштирок этган. Совет делегацияси таркибида ташқи ишлар халқ комиссари Вячеслав Молотов ва маршал Климент Ворошилов қатнашган.
«Катта учлик» учрашуви ғояси Черчилл ва Рузвельт томонидан 1943 йил августда Квебекдаги конференция вақтида илгари сурилган. Учрашувни ўтказиш жойи сифатида Теҳрондан ташқари бошқа шаҳарлар — Бағдод ва Қоҳира ҳам кўриб чиқилган. Аммо Сталиннинг талаби билан конференция манзили сифатида Теҳрон танланган ва ушбу учрашув «Эврика» кодли номи остида ўтказилган.
Теҳрон конференциясида асосий эътибор ҳарбий масалаларга, биринчи навбатда Европада иккинчи фронтни очишга қаратилган. Ҳар бир томон иттифоқчиларнинг Европага ҳужуми вақти ва жойи бўйича ўз нуқтаи назарларини билдириб ўтган. Рузвельт Квебек конференцияси қарорини бажариш керак деб ҳисоблаган — унга кўра, Европага 1944 йил 1 май куни Ла-Манш орқали ҳужум бошланиши («Оверлорд» операцияси) керак эди. Совет делегацияси иккита операцияни ўтказиш мақсадга мувофиқ деган: «Оверлорд» операцияси ва уни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жанубий Францияга десантчиларни тушириш. Черчилл Италия ва Болқонда операцияларни бошлашни талаб қилган.
30 ноябрь куни Теҳронда томонлар Европада иккинчи фронтни очиш ва унинг кўламлари бўйича келишувга эришган. 1943 йил 1 декабрь куни СССР, АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари раҳбарлари Теҳрон конференцияси ҳарбий қарорини тасдиқлаган.
Ҳарбий қарорларга кўра, «Оверлорд» операцияси 1944 йил май ойи давомида Жанубий Францияда операция ўтказиш билан бошланиши қайд этилган, шу билан бирга, совет қўшинлари ҳам тахминан шу вақтда ҳужумни бошлашга келишилган, бу Германия кучларининг шарқий фронтдан ғарбийга кўчиришининг олдини олиши керак эди. Бундан буён уч давлатнинг ҳарбий штаблари Европада бўлажак операциялар юзасидан бир-бири билан яқин алоқада бўлиши ва бу штаблар ўртасида душманни алдаш режасини келишиб олиш кўзда тутилган эди.
Ғарб иттифоқчилари Жануби-Шарқий Европадаги ўзларининг ҳарбий-стратегик режаларидан келиб чиқиб, Югославия партизанларига ёрдамни ошириш ва Туркияни Германия қарши урушга тортишни таклиф қилган. Иккинчи фронтни очиш мулоқоти давомида совет ҳукумати раҳбари Германия мағлубиятидан кейин СССР Япония билан урушга киришга тайёрлигини маълум қилган.
Конференцияда ҳарбий масалалардан ташқари, урушдан кейинги режалар ҳам муҳокама қилинган. АҚШ уруш тутгагач, Германия бешта автоном давлатга бўлиб ташлаш масаласини ўратага ташлаган. Буюк Британия Германияни Пруссиядан ажратишни, мамлакат жанубий вилоятларини Австрия ва Венгрия билан бирга Дунай конференциясига киришни таклиф қилган. Совет делегацияси ушбу режаларни қўллаб-қувватламаган. Германия масаласи муҳокамасини Европа консултатив комиссиясига беришга қарор қилинган.
Теҳрон конференциясида Кенигсбергни СССРга топшириш қарори бўйича келишилган. Конференция якунида «Уч держава декларацияси» эълон қилинган. Ҳужжатга кўра, «катта учлик» раҳбарлари Германия қуролли кучларини яксон этиш муддати ва операциялар кўлами бўйича режаларини келишган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)