Британия Ички ишлар вазирлиги мамлакатга катталар ҳамроҳлигисиз киришга уринаётган вояга етмаган қочқинларнинг туғилган санасини ўзгартирмоқда. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ўсмирлар бир неча ҳафта давомида вояга етмаганлар учун хавфли бўлган Манстондаги миграция марказида сақланмоқда. Ўсмирлардан бири бу марказда унга катталар ҳужум қилганини айтган.
Шунингдек, миграция марказида дифтерия (юқумли касаллик) ва оғир хасталикка сабаб бўлувчи олтин стафилококк юқиш ҳолатлари кузатилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Қочқинлар кўпинча Англияга ноқонуний кириш учун ҳар қандай имкониятни қидиради. Бу ерга уларни ижтимоий дастур, қочқин мақомини олиш имконияти ва молиявий имтиёзлар жалб қилади.
Таъкидланишича, миграция марказини тарк этган 16 нафар шахс билан ўтказилган суҳбатлар шуни кўрсатдики, Ички ишлар вазирлиги ҳатто 18 ёшга тўлмаганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этганларнинг ҳам туғилган санасини ўзгартирган.
Июнь ойида Бурук Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон украиналик ноқонуний қочқинлар Руандага депорт қилиниши мумкинлигини айтганди. Жонсоннинг сўзларига кўра, бу ташаббус Британияга одамларни ноқонуний олиб келиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларнинг бизнес моделини йўқ қилишга қаратилган. Янги тизим одамларга Руандага хавфсиз саёҳат қилиш ва у ерда қочқинлик мақомини олиш учун ариза топшириш, агар расмийлар томонидан рухсат берилса, у ерда қолиб, янги ҳаёт қуриш имконини беради.
Изоҳ (0)