Польшанинг Глухолази шаҳридаги украиналик қочқинлар марказида 20 дан ортиқ киши заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда in Poland хабар берди.
Маълумотларга кўра, заҳарланиш 23 кишида, жумладан 8 нафар ёши катталар ва 15 нафар болада қайд этилган.
«Бизнинг шифохонага келган беморларнинг уч нафари болалар бўлимида, тўрт нафари эса юқумли касалликлар бўлимида. Уларнинг аҳволини яхши деб баҳолаш мумкин. Ҳозирча лаборатория натижалари йўқ, аммо аломатлар овқатдан заҳарланишни кўрсатмоқда», — дейди Нис шаҳридаги шифохона директори Норберт Крайчи.
Таъкидланишича, заҳарланиш вирусли хусусиятга эга бўлиши мумкин, чунки бир беморда коронавирус белгилари аниқланган.
Европа Иттифоқидаги украиналик қочқинлар
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Европа давлатларида турли ҳимоя схемалари остида 4,5 миллионга яқин украиналик қочқин рўйхатга олинган, уларнинг кўпчилиги Украина билан чегарадош давлатлар — Словакия, Польша, Венгрия ва Руминияда.
Европа комиссияси украиналик қочқинларни қабул қилиш ва уларни ҳимоя қилиш қоидаларини бир йилга узайтирган.
Шунингдек, Шарқий Европа мамлакатларида қишки совуқ ва Россиянинг Украинадаги энергетика объектларига ҳужуми туфайли қочқинларнинг янги тўлқинини қабул қилишга ҳозирлик кўрилмоқда. ЖССТ прогнозларига кўра, яна 2-3 миллион одам шу сабабларга кўра Украинани тарк этиши мумкин.
Изоҳ (0)