Хитойнинг бир қатор шаҳарларида ҳукумат томонидан жорий этилган COVID-19 чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Associated Press.
Хусусан, Шанхайда 27 ноябрга ўтар кечаси 300 га яқин одам норозилик намойишига йиғилган. Полиция оломонни тарқатиш учун газ баллонларидан фойдаланган.
Шу билан бирга, АП кўплаб намойишлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаш имконсизлигини, норозилик акциялари ҳақидаги хабарлар эса ижтимоий тармоқлардан тезда ўчирилаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди маъмурияти марказий шаҳар Урумчининг айрим ҳудудларида карантинни бекор қилганди. Ушбу қарор олдидан фуқаролар август ойидан бери давом этаётган изоляциялаш режимига қарши намойишлар ўтказган. Шу билан бирга, 27 ноябрь куни шифокорлар Шинжон-Уйғурда 1000 га яқин янги COVID-19 ҳолатлари аниқлангани, улардан 114 таси Урумчида қайд этилгани ҳақида хабар қилди.
Хитойда COVID-19 га нисбатан «нол бардошлик» сиёсати мавжуд. Бу шуни англатадики, вирус тарқалишини чеклаш мақсадида локдаунлардан ташқари касалланганлар билан алоқада бўлганлар учун мажбурий карантин чоралари ҳам кўрилмоқда. Шу билан бирга, ноябрь ойи бошида мамлакат ҳукумати чора-тадбирлар бироз юмшатилгани, хусусан, мамлакатга келганлар учун ўзини изоляция қилиш муддати қисқартирилганини эълон қилди.
COVID-19 билан касалланганлар сонининг қайта кўпайиши фонида Хитойнинг бир қатор провинциялари ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши кураш чораларини кучайтирди. Пекинда мактаблар ишламаяпти; пойтахтга кириш учун 28 соатдан камроқ вақт ичида ўтказилган ПЗР тестининг манфий натижасини тақдим этиш керак.
Изоҳ (0)