Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

23 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Брежневга пўстинини беришни истамаган АҚШ президенти, Италияда минглаб инсонлар умрига зомин бўлган зилзила ҳамда СССРда қуввати 1,6 мегатоннали водород бомбаси синови оид фактлар ўрин олган.

Брежневга Аляска бўрилари терисидан тўқилган пўстинни совға қилган АҚШ президенти

1974 йил 23 ноябрь куни Владивостокда СССР ва АҚШ етакчилари Леонид Брежнев ҳамда Жеральд Форднинг тарихий учрашуви бўлиб ўтганди.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

1970 йилларга келиб, қуролланиш пойгаси критик нуқтага етган. Буни етакчи давлатларнинг раҳбарлари яхши тушунган, бироқ ушбу жараённи фақатгина Совет Иттифоқи ва АҚШ тўхтата оларди. Стратегик қуролланишни чеклашнинг навбатдаги музокараларига тайёргарлик кўриш учун икки йил вақт сарфланган. Бу борадаги битимни имзолаш учун Владивосток бекорга танланмаган эди. Шаҳар кучли Тинч океани флоти базаси яқинида жойлашга ва 30 йилдан бери хорижликлар учун ёпиқлигича қолиб келаётганди.

Бутун дунёда Владивостокка бўлган қизиқиш юқори бўлган. Унда АҚШ президентидан ташқари, ўнлаб ҳамроҳлар, журналистларнинг пайдо бўлиши Совет ҳукуматининг халқаро вазиятни юмшатишга, шерикка нисбатан ишонч кўрсатишга интилишидан далолат берарди. Айнан шу вазият норасмий музокаралар дастури бўйича учрашув жойини белгилашга хизмат қилган.

Икки мамлакат етакчиси «Воздвиженка» ҳарбий аэродромига учиб келган — Леонид Брежнев «Ил-62»да, Жеральд Форд эса Boeing-707 самолётида. Учрашувда жами 120 га яқин одам қатнашган — ҳар икки томондан 60 кишидан.

Учрашувнинг асосий қисми олий даражада «Санаторний» станцияси ҳудудидаги ҳарбий санаторийда ўтказилган. Брежнев ва Форд бу ерга ҳарбий аэродромдан поездда келган. СССР Марказий қўмитаси бош котиби ва Америка президенти музокаралар бошланишини чўзиб ўтирмай, вагондаёқ мулоқотга киришга. Музокаралар кун бўйи давом этган. Учрашувни дунёнинг энг йирик нашрларидан келган 70 га яқин мухбир ва 40 нафар совет журналисти ёритган.

Фото: «Известия»

Фото: «Известия»

Учрашув давомида 1985 йил охирига қадар стратегик қуролланишни чекловчи янги битимни тасдиқлаш бўйича СССР—АҚШ қўшма баёноти имзоланган. Тенглик ва бир хил хавфсизлик тамойилларига асосланган янги битим қатор чекловларни ўз ичига олганди. Хусусан, ҳар икки томон қуруқликдаги ва денгиздаги баллистик ракеталар, шунингдек, стратегик бомбардимончи самолётлар учун жами 2400 та учирувчи қурилмага эга бўлиш ҳуқуқига эга бўлганди.

Бундан ташқари, томонлар индивидуал нишонлар учун мўлжалланган ажралувчи жанговар каллакчага эга 1320 тадан ошмаган ер усти ва денгиз баллистик ракеталарига эгалик қилиши мумкин эди. Янги битимнинг юридик жиҳатларини охирига етказиш 1975 йил якунига қадар амалга оширилиши керак бўлган. 1980-1981 йилдан кечикмаган ҳолда чекловларни узайтириш ва 1985 йилдан кейинги стратегик қуролланишни қисқартириш бўйича музокараларни давом эттиришга келишилган.

 

Владивосток битими қуролланиш пойгасини чеклаш йўлидаги муҳим қадам эди. У СССР ва АҚШнинг стратегик қуролларини, шу жумладан, узоқ масофали бомбардимончи самолётларни биринчи марта ташувчилар сонининг аниқ ва тенг узоқ муддатли чегараларини белгилаган. Шунингдек, биринчи марта бир нечта жанговар каллакларни жойлаштиришга чекловлар қўйилган, бу сифатли қуролланиш пойгасини чеклаш йўлидаги дастлабки қадам эди.

Жеральд Форд АҚШнинг энг узоқ умр кўрган президенти ҳисобланади — 93 йил ва 166 кун. Американинг 38-президенти Оқ уйга тасодифан келиб қолган ва сайланмасдан туриб, ушбу лавозимда 2,5 йил ишлаган.

Жеральд Форд 1913 йил 14 июль куни Мичиган штатида дунёга келган. Ел университетининг юридик факультетини тамомлаган, америкача футбол ўйнаган, бокс билан шуғулланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Тинч океанидаги авиаташувчида хизмат қилган. 1948 йил Вакиллар палатасига сайланган, 1965 йилда эса республикачилар фракцияси раҳбарига айланган.

1973 йилда Форд Уотергетй можароси сабаб коррупцияда айбланиб, лавозимдан олинган Спиро Агню ўрнини эгаллаган. Орадан бир йил ўтгач эса Ричард Никсонга импичмент эълон қилингач, президентга айланган.

Фото: «Известия»

Фото: «Известия»

Форднинг бошқаруви «халқаро кескинлик юмшаган» даврга тўғри келган, америкаликлар Ҳиндихитойдан кетган, Форд АҚШнинг Вьетнамдаги мағлубиятини тан олган. 1975 йили у Хелсинкида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик битимини имзолаган.

Форднинг Владивостокда Брежнев билан учрашувида эътиборга молик воқеалардан бири содир бўлган. АҚШ президенти СССР етакчиси пўстин совға қилган. Воқеага гувоҳ бўлган «Известия» фотомухбири Сергей Смирновнинг эслашича, Брежневга Форднинг қалин, чиройли мўйнаси ёқиб қолган. «Аляска бўриларининг терисидан», — дея ойдинлик киритган Форд. «Алясканики? Демак, бизники!», — Брежнев қўриқчиларидан бирига «Саша, олиб кет!», деган. Форд эса бунга шундай жавоб қайтарганди. «Керак эмас! Мен сизга худди шунақасидан олиб келдим!». Мазкур тарихий воқеа — Брежневнинг Аляска бўрилари терисидан тикилган пўстинни кийгани тасвирланган сурат тарихга муҳрланган.

Фото: «Известия»

Фото: «Известия»

Италияда минглаб инсонлар умрига зомин бўлган зилзила

Бундан 42 йил олдин 23 ноябрь куни Италия жанубида юз берган зилзилалар серияси оқибатида 4,8 минг киши ҳалок бўлганди. Ўша куни ер ости силкинишларининг энг кучлиси 6,9 баллни ташкил этган, 40 сониядан кейин яна 5 балли зилзила кузатилган ва у 1,5 дақиқага яқин давом этган.

Фото: Euromag

Фото: Euromag

Ер ости силкинишларининг эпимаркази Неаполдан 55 километр жануби-ғарбда жойлашган эди. Биринчи зилзила соат 19:34 да рўй берган, бу вақтда шаҳар аҳолисининг аксарияти кечки овқатга тайёргарлик кўраётганди. Балванодаги руҳонийнинг эслашича ўша куни черковга 300 га яқин одам ташриф буюрган, улар орасида болалар ҳам кўп бўлган. Одамлар черковдан қочиб чиқишга уринган вақтда унинг олд девори қулаб тушган.

Кечки овқат ликопчаларига шифтдан чанг тушишни бошлагач, Неаполдаги минглаб одамлар кўчага отилиб чиққан. Кўпчилик уйига қайтишга қўрққани боис, кўчаларда сарсон юрган. Неаполдан 170 километр шарқда жойлашган Потема коммунасининг 50 минг аҳолиси яқин атрофидаги тоғга чиқиб кетиб, тунни машиналарида ёки очиқ осмон остида ўтказган.

Қаровсиз қолдирилган уйларда электр энергияси сабаб ёнғинлар юзага кела бошлаган. Сув тармоқларига шикаст етган, бу эса ўт ўчирувчиларнинг оловга қарши курашишига қаттиқ халақит берган. Бундан ташқари, ўт ўчирувчилар қутқарув ишларини амалга оширган, шифокорлар эса иш ташлаш эълон қилган.

Фото: Euromag

Фото: Euromag

Ҳатто Римдаги Леонардо да Винчи аэропорти ҳам 40 дақиқага ёпилган, бунга 60 метрли диспетчерлик пункти ичидаги ходимлари бинони тарк этгани сабаб бўлганди.

 

Неаполдаги Поджиореале қамоқхонасида сақланувчи маҳбуслар ўз камераларида ёриқлар пайдо бўла бошлагач, исён кўтаришга тушган. Қўриқчилар оммавий қочиш рўй беришидан қўрқиб, уларга қарата газли гранаталарни улоқтирган автоматдан ҳавога ўқ узган.

Бу вақтга келиб Неаполни қалин туман қоплаган, бульдозерлар, чодирларни ташувчи транспортлар ва қутқарув воситаларининг ҳаракати қийинлашган. Шаҳар жанубида поездлар тўхтаб қолган, магистрал йўлларда автомобиллар ҳаракати блокланган. Зилзила эпимарказига яқин бўлган митти Пескаопагано бутунлай вайронага айланган. Вақти-вақти билан кузатилиб турган ер ости силкинишлари энг охирги уйни ҳам қулатган ва омон қолган аҳоли ўртасида баттар ваҳимани юзага келтирган.

Аммо қутқарув ишларига нафақат ер ости силкинишлари, балки аҳолининг қашшоқлиги ҳам халақит берган. Италия яримороли тизмаси бўйлаб жойлашган Апеннин Европанинг энг қашшоқ тумани эди. Бу ерда замонавий оғир техникалар — бульдозерлар, трактор ва кранлар деярли бўлмаган. Ҳукуматнинг бюрократизми, йирик шаҳарларга яхши жиҳозланган қутқарув отрядларининг юборилиши, тоғли ҳудудлардаги инсонлар ташвишини янада оғирлаштирган.

Шунга қарамай, кўрсатилаётган ёрдам улкан эди. Қутқарув ишларига кўнгиллиларни қўшиб ҳисобламаганда 9 минг киши жалб этилган. Шунингдек, 30 та вертолёт жалб этилган, улар жабрланганларни шифохоналарга ташиган, табиий офат ҳудудларига 600 та армия чодирлари кўтарилган, 5 та дала госпитали ва 28 та дала ошхонаси очилган.

Зилзила кучи бутун Италия бўйлаб сезилган, айниқса, Кампания, Базиликата ва Апулия туманлари жиддий зарар кўрган. 24 ноябрь куни 800 киши ҳалок бўлгани қайд этилган. Мамлакат ҳукумати табиий офат ҳолатини эълон қилади.

Фото: Euromag

Фото: Euromag

Ер ости силкинишлари чекка ҳудудлардаги тоғли қишлоқларга кўпроқ зарар келтирган. Ўша вақтда аҳолиси 14 минг кишини ташкил этган Сант-Анжело-деи-Ломбардия коммунасининг 80 фоизи вайронага айланган. Фожиа Потенса провинциясидаги Балвано коммунасидаги барчага таъсир кўрсатган: черков томи қулаб тушган.

27 ноябрь куни кечаси 2 мингга яқин қочоқ ҳақида маълум қилинган, иқлим шароитлари даҳшатли эди: қиш яқинлашиб келаётгани боис тинмай ёмғир ва қор ёғар, ҳамма жой лой эди. Фалокатдан кейинги олти кун ичида 2 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Зилзила мамлакатдаги ҳақиқий сиёсий инқирозни юзага келтирган. Республика президенти Сандро Пертини телевидение орқали чиқиш қилган, Авеллино префекти ишдан олинган, ички ишлар вазири истеъфо сўраган, бироқ унга рад жавоби берилган.

СССРда синовдан ўтказилган водород бомба

1955 йил 22 ноябрь куни Семипалатинск полигонида советларнинг биринчи икки поғонали термоядровий бомбаси — «RDS-37» синовдан ўтказилган эди. У «Ту-16» бомбардимончисидан полигон ҳудудига ташланган. Бомбанинг номинал қуввати 3 мегатоннани ташкил этган, бироқ синов вақтида у икки баробарга — 1,6 мегатоннага қадар камайтирилган.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

«RDS-37»нинг ўзига хос асосий жиҳати — бу уран-238 ва барқарор қаттиқ модда дейтерид литий-6 дан фойдаланилганида. Шу куни соат 06:55 да бомба самолётга жойлаштирилган. Борт соат 08:34 да ҳавога кўтарилган. «RDS-37»ни 12 километр баландликдан ташлаш режалаштирилган эди.

Соат 09:47 да 12 километр баландликдан соатига 870 километр тезликда ҳаракатланаётган ташувчи самолётдан радиолокацион воситалардан фойдаланилган ҳолда бомба ташланган. Парашют тизими муваффақиятли ишлаган ва бомба 1550 метр баландликда портлаган, бу вақтга келиб самолёт хавфсиз ҳудудга етиб олганди.

Портлаш оқибатида ҳосил бўлган иссиқлик тўлқини экипаж аъзоларига, айниқса, кабинадаги учувчига энг қуёшли кундагидан ҳам қаттиқроқ сезилган. Зарба тўлқини етиб келган вақтда бошқарув қўлда амалга оширилган. Тўлқин зарбаси самолётга бомба ташланганидан 224 сония ўтиб таъсир кўрсатган.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Синов ҳудуди булутли бўлгани сабаб портлаш қўзиқоринини тўлиқ кузатишга имкон бўлмаган. Булутлар орасидан узоқ вақтгача унинг пастки қисми — чангли устун кўриниб турган. Орадан 5-7 дақиқа ўтгач, радиоактив булутлар 13-14 километрга кўтарилган. Бу вақтга келиб «қўзиқорин» диаметри 25-30 километрни ташкил этганди.

Портлаш эпимарказидан 35 километр узоқликда бўлган кузатувчилар махсус кўзойнакларда тупроқ устига ётиб олган. Портлаш вақтида улар кучли иссиқлик оқимини ҳис қилган, тўлқин зарбаси вақтида эса момақалдироқ гумбурлашини ёдга солувчи кескин товуш эшитилган.

Мазкур воқеа тарихий аҳамиятга эга эди, чунки бу дунёда биринчи марта қуввати 1 мегатоннадан ортиқ водород бомбанинг синови эди. «RDS-37»нинг синови қатор фожиавий ҳодисаларни юзага келтирган. Кичик Акжара қишлоғидаги турар жой биносининг шифти қулаб тушиши оқибатида 3 ёшли қизча ҳалок бўлган. Эпимарказдан 36 километр узоқликда жойлашган қўриқлаш батальонининг 6 нафар аскари устини тупроқ босиб қолган. Натижада улардан бири бўғилиб вафот этган, қолганлари енгил жароҳат олган.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Портлаш оқибатида иншоотлардаги деразанинг парчаланиши сабаб «Майскоe», «Ворошиловградск», «Сталин-Туи» овулларининг 26 нафар, Семипалатинскнинг 16 нафар фуқароси жароҳатланган.

Жабрланувчилар полигон самолётида «Павлодар» шаҳридаги вилоят шифохонасига етказилган. Семипалатинск шаҳрида уч киши мия чайқалишини олган. Умумий ҳисобда 59 та аҳоли пунктидаги биноларга зарар етган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

 

Мавзуга доир: АҚШнинг севимли президенти — Жон Кеннедига суиқасд, «темир хоним»га айланган Тэтчер истеъфоси ва «атиргул инқилоби»ни бошлаган Саакашвили. Кун хронологиясида 22 ноябрь

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Искандаров — энг яхши футболчи, Кападзе — энг яхши мураббий. Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари аниқланган маросимдан фоторепортаж
Маданият
Фарзандидан айрилган, 3 соат ухлаган, ҳожатхонада фаррошлик қилган: муваффақиятга эришиш йўлида турли қийинчиликлардан ўтган юлдузлар (фото)
Маҳаллий
«Сирдарёда бир сўм ҳам ўғирланмайдиган, коррупциясиз тизим яратилиши керак» — Сардор Умурзоқов