Франция пойтахти Париж шаҳрида 18—19 ноябрь кунлари Ўзбекистон—Франция бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида Airbus компанияси вице-президенти Вутер Ван Верш Ўзбекистонга инвестиция киритиш шароитлари ҳақида гапирди.
«Бизнинг элита самолётларимиз Ўзбекистон осмонида учмоқда. Ҳамкорлигимиз 1996 йилда бошланган. Бугун лойиҳаларимиз муваффақиятли амалга ошириляпти. Бизнесимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Апрель ойида Ўзбекистонда бўлиб, янги лойиҳаларни гаплашиб келдим. Биз учун нафақат самолётларни сотиш, балки кадрлар тайёрлашга ёрдамлашиш ҳам муҳим. Транспорт институтида ҳам бўлиб, алмашинув дастурлари ҳақида суҳбатлашдим.
Умуман, Ўзбекистонда талантлар жуда кўп. Бугунги бизнес форумда иштирок этганимдан хурсандман. Бир неча кундан сўнг Францияга президентингиз ташриф буюради. Биз бу ташрифни катта қизиқиш билан кутяпмиз. Бу икки томон учун ҳам манфаатли бўлади», — деди у.
Шунингдек, Франция электр энергияси EDF компанияси лойиҳа раҳбари Корин Сандберг ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Мен Франция энергетика бозоридаги етакчи бўлган EDF компаниясиданман. Кўп йиллардан бери Ўзбекистон бозорида ишлаяпмиз.
Сўнгги йилларда бир неча лойиҳаларни амалга оширдик. Ҳозир 163 мегаватт қувватга эга станция қуряпмиз. Лойиҳани ўтган йили тендерда ютиб олдик, тез орада қурилиш ишлари бошланади ва уни 2025 йилда фойдаланишга топширамиз», — дейди Корин Сандберг.
Изоҳ (0)