Самарқандда тадбиркорларга ажратилган ер майдонларини сотиш билан шуғулланиб келган шахс қўлга тушди.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи М.А. боғдорчиликни ривожлантириш учун давлат томонидан тадбиркорларга ажратилган ер майдонларини сотиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.
М.А. Самарқанд туманида жойлашган МЧЖга қарашли, интенсив токзор барпо этиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога сотиш эвазига ундан 55 минг доллар талаб қилган.
Олиб борилган тадбирлар натижасида фуқаро М.А. келишилган маблағнинг 30 минг долларини олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Ҳозирда М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)