Қашқадарё вилоятида бўлим ва участка бошлиқлари ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи М.А. ва Насос станциялари ва энергетика бошқармаси Чироқчи участкаси бошлиғи С.А. фуқаро Б.Э.га танишлари орқали тумандаги «Ч.Ч.» фермер хўжалиги дала майдонидан давлат дастурига киритилган қудуқни қазиб ишга тушириш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни айтгани аниқланган. Улар хизмати эвазига 2 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)