Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

5 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Россияда 100 дан ортиқ боланинг ўлимига сабаб бўлган ёнғин, АҚШ ҳарбий базасида оммавий қирғин ҳамда Британия парламентини портлатишга уринган Гай Фоксга оид фактлар ўрин олган.

Элбарусдаги юзлаб болалар ўлимига сабаб бўлган ёнғин

Бундан 61 йил олдин Элбарус фожиаси содир бўлган: Октябрь инқилобига бағишланган байрам концертида мактаб ёниб кетиши оқибатида 110 киши, жумладан 106 нафар бола ҳалок бўлганди. Совет ҳукумати эртаси куни барчани бульдозер ёрдамида умумий қабрга кўмиш орқали мазкур фожиани яширишга уринган. Мактаб директори ғазаб отига минган ота-оналардан қўрқиб ўрмонга қочиб кетган.

Фото: Маgspace

1961 йил 5 ноябрь куни Чувашия АССРнинг Элбарус қишлоғидаги мактабда юзага келган ёнғин оқибатида 3 ёшдан 15 ёшгача оралиғидаги 106 нафар бола ҳамда тўрт нафар ўқитувчи ҳалок бўлганди. Шунингдек, куйиш жароҳатини олганлар ва бутун умр ногиронга айланган жабрланувчилар ҳам бор. Ҳалок бўлганлар орасида — 20 нафар мактаб ёшига етмаган ва тўрт нафар 1-синф ўқувчилари бўлган. Фожиа юзлаб оилаларга кулфат олиб келган, хусусан, учта оиланинг тўрт нафардан, иккита оиланинг уч нафардан, 17 та оиланинг икки нафардан фарзандлари ёниб кетган; еттита оила эса умуман фарзандсиз қолган.

Аҳолиси минг кишидан ошмайдиган Элбарус қишлоғи кўчаси бўшаб қолган. Бироқ совет ОАВлари бу ҳақда ҳеч нарса ёзмаган, ҳодисага махфий тамғаси урилган ва 1990 йиллар бошига келибгина дастлабки маълумотлар ошкор бўлган ҳамда қурбонлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилган.

Ёнғин хавфсизлик қоидаларини қўпол бузилиши оқибатида келиб чиққан. Мактаб ёғочдан ишланган бўлиб, уни қуриш 1914 йилда бошланган ва ўн йилдан ортиқ вақт давомида секин-аста кўтарилган. Ўнинчи синфгача ўқитиладиган ушбу мактабга нафақат Элбарусдан, балки қўшни қишлоқдан ҳам болалар келиб таълим олган. Оммавий тадбирлар ўтказиш учун алоҳида зал бўлмаган, шу боис тадбирларда ёндош икки синф ўртасидаги кўчма девор олиб турилган. Парталар дераза ва эшиклар қаршисига жойлаштирилгани сабаб улар йўлларни топиб қўйган. Фақат саҳна олдидаги иккита дераза олди очиқ қолган холос.

Фожиа содир бўлган кунда мактаб директори Самуил Ярукин Халқ таълими бўлими рухсатисиз Октябрь инқилоби муносабати билан байрам концертни ташкиллаштиришга қарор қилади. 115 кишига мўлжалланган хонага 200 дан ортиқ одам тўпланган, шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари ота-оналари ҳамроҳлигида келган.

Фото: Маgspace

У вақтларда Чувашия қишлоқларида электр энергияси етиб бормаган, бироқ мактаб ҳовлисидаги махсус «будка»да генератор бўлган. Генератор носоз эди ва директорнинг кўрсатмасига биноан физика ўқитувчиси Михаил Иритков ҳамда икки нафар 10-синф ўқувчиси уни қўшни хонага олиб кириб, таъмирлашга уринган. Афтидан уни бирор-бир фильм намойиш этишда ишлатишмоқчи бўлишган. Бензинли двигатель баки ёрилган, ундан ёнилғи вақтинча бошқа идишга қуйиб олинган. Шу вақт ўқитувчи ва 10-синф ўқувчилари печкага олов ёқмоқчи бўлади. Бироқ олиб келинган ўтин ҳўл бўлгани боис физик унинг устига бензин сепишга қарор қилади. Ҳисоб-китобни тўғри олмаган эркак ёнилғини кўп сепиб юборади ва аланга юзага келади. Кутилмаганда шошиб қолган ўқитувчи ичида бензин бор идишни тўкиб юборган. Тўкилган ёнилғи тезда алангаланиб, коридор бўйлаб оққан ва даҳшатли ёнғинни юзага келтирган. Физик ва 10-синф ўқувчилари қочиб чиқишга муваффақ бўлган, бироқ «тревога» кўтариб, ҳеч кимга хабар бермаган. Улар ҳатто эшикни ҳам ёпмагани боис шамол оловнинг тезда тарқалишига кўмаклашган.

Тадбирлар зали вазифасини бажарган хона бир зумда тутунга тўлган, нафас олиш қийинлашган, девор ва шифт ёна бошлаган. Болалар ва катталар саҳна олдидаги очиқ деразалар томон югурган, ваҳима ва тиқилинч юзага келган. Ёши каттароқ бўлган одамлар қутулишга муваффақ бўлган.

Бино ичидан қолганлар кўп ўтмай томни ушлаб турган тўсинларнинг қулаши оқибатида ҳалок бўлади. Агарда директор ёрдамга етиб келган қишлоқ аҳолисига ўқувчиларни эмас, мактаб архивини қутқаришни буюрганида яна кимлардир омон қолган бўлиши мумкин эди. Кейинроқ аниқланишича, сейфда мактаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда тушган пуллар бўлган, директор биринчи навбатда ўшалар ҳақида ўйлаган. Ўт ўчирувчилар қуюқ туман боис кечикиб етиб келган.

Фото: Маgspace

Ортиқча овоза ва тартибсизликлардан қочиш мақсадида маҳаллий ҳукумат ёнғинда ҳалок бўлганларнинг барчасини эртаси куни бульдозер ёрдамида битта «Биродарлик қабри»га кўмишга қарор қилади. 7 ноябрь куни тантанали митинг ўтказилиши керак эди. Қишлоқдаги деярли ҳеч кимга болаларини кечаси уйига олиб кетишга рухсат берилмаган. Олиб келинган тобутлар етмай қолган, дафн қилинадиган жой милиция томонидан қуршаб олиниб, марҳумларнинг фақат энг яқинлари киритилган.

Маълумотларга кўра, мактаб директори Ярукин фожиа кўламини тушуниб етганида ота-оналар ғазабидан қўрқиб ўрмонга қочиб кетган. Бироқ у қўлга олинган, лавозимдан ечилган, партиядан қувилган ва 8 йилга қамалган.

Америка ҳарбий базасидаги оммавий қотиллик

2009 йил 5 ноябрь куни АҚШ армиясининг 39 ёшли майори, асли фаластинлик бўлган ҳарбий психиатр Нидал Малик Ҳасан Форт-Худ ҳарбий базасида отишма содир этганди. АҚШ Сенати мазкур қирғинга «2001 йил 11 сентябрдан бери мамлакат ҳудудида юз берган энг даҳшатли террорчилик акти» дея таъриф берган.

Фото: NBC News

Форт-Худдати оммавий отишма вақтида Ҳасан 13 кишини ўлдирган ва яна 30 кишини яралаган. Бу орқали у Афғонистонга боришни хоҳламаётганини ва АҚШнинг мусулмон давлатлардаги ҳарбий кампанияларидан норозилигини билдирган.

Малик Ҳасан Фаластиндан АҚШга кўчиб келган мусулмон оилада дунёга келган, ўрта мактабни тамомлаган Америка армиясида хизмат қилишни бошлаган. Армиядаги карьераси билан бир вақтда у Виржиния технология институтининг биокимё факультетини тамомлаган, кейин Армия тиббиёт марказида икки йиллик магистратурада ўқиб, малакали ҳарбий психиатрга айланган.

Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳаракатлардан қайтиб келган аскарларга стрессларни енгишда ёрдам бериб, ҳар куни улар гувоҳ бўлган фожиаларни тинглаган Маликнинг армия борасидаги тасаввурлари чил-парчин бўлади. Художўй мусулмон бўлган Ҳасан АҚШ ислом давлатларига бостириб кирганидан хавотирда юрган ва Барак Обама қўшинларни ушбу мамлакатларда олиб чиқиб кетишига умид қилган. Хизматдошлари билан ўз қарашларини муҳокама қилиш давомида улар билан тил топиша олмаган.

Фото: NBC News

Мазкур муаммоларга қарамай, Ҳасан 2009 йилнинг майида майор унвонини олади, кейин эса Техас штатидаги Форд-Худ армия тиббиёт марказига юборилган. Июль ойида у қонуний асосда 5,7 миллиметрли FN Herstal пистолетини сотиб олган. Августда аскарлардан бири Маликнинг автомобилига қасддан шикаст етказган; воқеа гувоҳларига кўра, ҳужум қилган шахс мусулмонларга бўлган нафрати сабаб шундай йўл тутган.

2009 йилнинг 28 ноябрь куни Нидал Маликни Афғонистонга юборишлари керак эди. Ушбу тайинлов унинг ҳафсаласини пир қилган. Сафардан олдин у маҳаллий дўконлардан бирининг эгасига мусулмон оға-иниларини ўлдира олмаслигини айтган.

5 ноябрь тонгида Ҳасан хизмат сафарига кетаётганини айтиб, уйидаги мебелларни қўшниларига тарқатган. Шу куни соат 13:30 ларда у Форт-Худдаги тиббиёт марказига келган — бу вақтда хорижга жўнатиладиган америкалик ҳарбийлар текширувдан ўтказилаётган эди. У қабулхонадаги столни айланиб ўтган, бир неча сония бошини эгиб турган ва кейин қуролини олиб, «Аллоҳу Акбар» дея бақирган ҳолда ўт очган. Гувоҳларнинг айтишича, Ҳасан аввалига ҳавога ўқ узган, кейин эса алоҳида аскарларни нишонга олган.

Фото: NBC News

Захирадаги капитан Жон Гаффани Ҳасанни тўхтатишга уринган, бироқ унинг ёнига етиб бормай яраланган. Шифокор ассистенти Майкл Кехилл ҳам Ҳасанга стул билан ташланган, аммо у ҳам отиб ўлдирилган. Ҳасанга йиғма столни отган захирадаги мутахассис Логан Бернетт чап биқинидан яраланган.

Ҳодиса гувоҳларининг кўрсатмаларида келтирилишича, Ҳасан оддий фуқароларни ўққа тутмаган, фақат ҳарбий формадаги аскарларни нишонга олган.

Шунингдек, Ҳасан ўқ овозларини эшитиб, югуриб келган полиция сержанти Кимберли Манли билан отишмага киришган. Биринчи ўқ белига тегган, иккинчиси эса тиззасини тешиб ўтган. Шундан кейин Ҳасан полиция сержанти Марк Тоддга ўқ узган, аммо нишонга тегмаган, Тодд эса унга бешта ўқ отган. Олган жароҳатлари оқибатида Ҳасаннинг белдан паст қисми фалажланган.

Отишма жойида бўлган ҳамшираларнинг сўзларига кўра, бино ичи қондан шу қадар сирпанчиқ бўлиб кетганки, улар ярадорларга ёрдам бериш учун мувозанатни ҳам ушлай олмаган. Терговчилар бино ичидан 214 та гилзани топган. Бутун отишма 10 дақиқага яқин давом этган. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлган (улардан бири оддий фуқаро), яна икки киши шифохонада жон берган. 30 киши жароҳат олган.

Фото: NBC News

Эътиборли жиҳати, АҚШ ҳукумати Форт-Худдаги отишмани террорчилик акти дея малакаламаган. Бу омон қолганлар ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига компенсация берилишини таъминлаши мумкин эди.

2011 йил январида Ҳасан эс-ҳуши жойида деб топилган, 2013 йил августда эса у ўлим жазосига ҳукм этилган. АҚШда ўлим жазоси ижро этилишини бир неча йил кутишга тўғри келиши боис ҳозирда Ҳасан Форт Ливенворд қамоқхонасида сақланмоқда. У яқинда 52 ёшга тўлди.

Омадсиз якунланган «Порох фитнаси»

Ҳар йили 5 ноябрь кечаси Буюк Британияда «Гай Фокс кечаси» (шунингдек, «Гулханлар кечаси», «Порох фитнаси» номи билан танилган) нишонлаб келинади. 1605 йилнинг ушбу санасида бир гуруҳ католик исёнчилар Лондондаги Буюк Британия парламентини портлатишга уринган. Шу куни протестант қирол Яков I нутқ сўзлаши, Лордлар палатаси биносида эса парламентнинг иккала палата аъзолари ва олий суд вакиллари бўлиши керак эди. Аммо портлаш амалга ошмаган.

Темза дарёси бўйида жойлашган Британия парламенти биноси

Темза дарёси бўйида жойлашган Британия парламенти биноси
Фото: Wikiwand

«Порох фитнаси»

1605 йилги «Порох фитнаси» — бу инглиз қироли Яков I ни ўлдирмоқчи бўлган бир гуруҳ шахсларнинг омадсиз уринишидир. Монархни ўлдириш мақсадида парламент биносини портлатиб юбориш режалаштирилган. Портлаш шу йилнинг 5 ноябрида, қиролнинг тахтга ўтириши муносабати билан сўзлайдиган нутқи вақтида амалга оширилиши керак эди.

XXI аср тарихчилари ушбу фитнани террорчилик акти деб баҳолашни маъқул кўради, аммо уларнинг мақсади кўпроқ давлат тўнтаришини ёдга солади.

Фитна фош этилгач, инглиз парламенти 5 ноябрни давлат байрами сифатида нишонлаш тўғрисида қонун қабул қилган. Мазкур байрам 1859 йилга қадар нишонланган. Ҳозирда эса «Гай Фокс кечаси» ёки «Гулхан кечаси» байрамини нишонлаш анъанага айланган: мушакбозлик остида фитнанинг энг машҳур иштирокчиси Гай Фокснинг рамзи сифатида эски кийимлар кийгизилган қўриқчи ёқиб юборилади.

Гай Фокс ким?

Унинг фитна содир этилгунига қадар бўлган ҳаёти ҳақида деярли маълумот йўқ. У дворянлар оиласида туғилган, ўқимишли, кўринишидан пулга муҳтожлиги бўлмаган. Католик эътиқодида бўлган Фокс фитнанинг бошида турмаган ва қиролга ҳужум ташаббускори ҳам эмас, аммо айнан унга Лондондаги Лордлар палатаси биноси остидаги порохли хонага элтувчи пиликни ёқиш топширилган. 1605 йилнинг 5 ноябрида у шу ерда қўлга олинган. Бу унинг исми фитна рамзига айланиб қолишига сабаб бўлган.

Гай Фокс иллюстрацияси

Гай Фокс иллюстрацияси
Фото: Wikipedia

Қиролнинг кўрсатмасига биноан Фокс қийноқларга солинган, шундан сўнг у ҳамтовоқларини сотган ва улар ҳам тез орада қўлга олиниб, 1606 йилнинг 27 январида бўлиб ўтган очиқ судга топширилган. Фитначиларнинг барига, жумладан, Фоксга ҳам осиш, ичак-чавоғини олиш ва бўлакларга бўлиб ташлаш жазоси тайинланган. 31 январь куни амалга оширилган қатл вақтида Фокс бўйнида сиртмоқ билан жаллод кундасидан бор кучи билан сакраши натижасида бўйни синиб, вафот этган. Бу орқали у қийноқли ўлим жазосидан қутулиб қолган.

Воқеанинг боши қаерга бориб тақалади?

Фитна манбалари ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Шубҳасиз, фитначиларининг асосий мақсади қирол Яков I ни йўқ қилиш бўлган, аммо уларнинг кейинги режалари номаълум.

Ўша вақтда католиклар ҳукмронлик қилган мамлакатда протестантлар ҳаракати куч тўплай бошлаган. Инглиз католиклари тахтга келиши мумкин бўлган шотланд қироли Яков VI га умид боғлаган (шундан сўнг у Яков I га айланган), аммо у нафақат католиклар тарафдорига айланган, балки очиқчасига протестантликка мойиллигини билдирган ва ҳатто католикларга нисбатан қатор зуғумларни ўтказган (1604 йил охирида бир қанча кўргазмали қатлларни амалга оширган).

Буюк Британия қироли Яков I

Буюк Британия қироли Яков I
Фото: Autogear

Тарихчилар юзлаб йиллар давомида фитначиларнинг мақсади монархнинг ўлдириб, унинг ўрнига қизи — малика Елизаветани ўтқазиш ва шу орқали ҳукмронликни католикларга қайта топшириш бўлган деб ҳисоблаб келган. Кейинроқ эса фитначилар иезуитларни (реаксион католик монахлар ташкилотининг аъзолари) қоралаш ва шу орқали протестантлик дини позициясини мустаҳкамлаш бўлган деган гипотеза ҳам тарқалган.

Фитначилар ва фитнага тайёргарлик

Жиноий тўдага даставвал беш киши аъзо бўлган — Роберт Кейтсби, Томас Уинтер, Томас Перси, Жек Райт ва Гай Фокс. Кейинроқ уларга яна камида саккиз киши келиб қўшилган. Фитначилар Лордлар палатаси яқинида жойлашган уйдаги хонани ижарага олиб, шу орқали туннел қазишни режалаштирган. Аммо тез орада Томас Перси Лордлар палатаси биносининг бевосита зали остидаги бинони ижарага олишга муваффақ бўлган.

Фитначилар Лондоннинг Ламбет туманидан Темза дарёсининг қарама-қарши қирғоғига қадар ҳеч қандай қийинчиликсиз ва шубҳа уйғотмасдан қайиқда 36 бочка қора порохни ташиб ўтган. Кейинроқ у ўтин ва кўмир ниқоби остида ижарага олинган хонага жойлаштирилган. Портлашга тайёрланган порохнинг умумий оғирлиги 2,5 тоннага яқин бўлган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу парламент биносини тўлиқ яксон қилишга, шунингдек, унинг яқинидаги Вестминистер аббатлиги биноси ва 800 метр радиусдаги уйларнинг ойналарига шикаст етказиши мумкин.

Фоксдан бошқа барча фитначилар католиклар позицияси кучли бўлган Уоркшир графлигига йўл олган. 5 ноябрь кечаси Лондонда фақат Фокс қолиши керак эди. Белгиланган соатда у ертўлага тушиб, пиликни ёқиши, кейин эса қайиққа ўтириб, Темза орқали мамлакатдан чиқиб кетиши лозим бўлган.

Гай Фокс

Гай Фокс
Фото: Wikipedia

Фитнанинг фош этилиши

Портлашни амалга ошириш учун кўпчилик жалб этилгани, сир сақланган маълумотларнинг тарқалиши асосий сабаби бўлган. Расмий версияга кўра, 1605 йилнинг 26 октябрида парламентнинг очилиш маросимида иштирок этиши керак бўлган католик лорд Монтигл у ерга бормаслик тавсия этилган аноним хат олган. Тарихчиларнинг тахминича, хат муаллифи фитначилардан бири Френсис Трешем ёки портлашдан хабар топиб, миллат қаҳрамони ва ҳукуматдан мукофот олишни истаган лорд Монтиглнинг ўзи бўлиши мумкин.

Хатдан хабар топган фитначилар ўз режаларини барибир амалга оширишга қарор қилган, чунки Гай Фокс тайёрлаб қўйилган портловчи моддаларни яхшилаб текшириб чиққан ва унга тегилмагани, яъни ҳокимият уни топа олмагани тўғрисида хулосага келган.

Пиликни ёқишга уринаётган Гай Фокс иллюстрацияси

Пиликни ёқишга уринаётган Гай Фокс иллюстрацияси
Фото: Foxtonprima

Бу вақтда Монтигл хатни давлат котиби граф Солсберига, у эса қиролга кўрсатган. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси парламент биноси яхшилаб текшириб чиқилган ва ярим тунда ертўлада Фокс топилган; унинг ёнида пиликлар ва соат топилган. Ертўлани текшириш давомида кўмир уюмлари остида яширинган порохли бочкалар мавжудлиги аниқланган.

Оқибат

«Порох фитнаси» фош этилгач, Англияда католикларнинг шундоқ ҳам танг аҳоли янада ёмонлашган: орадан 200 йил ўтгачгина улар протестантлар билан деярли бир хил ҳуқуққа эга бўлган. Портлашнинг олдини олишда ёрдам кўрсатган лорд Монтигл эса 500 фунт маблағ ва 200 фунт даромад келтирувчи мулк билан тақдирланган.

Барчага таниш бўлган Гай Фокс ниқоби

«Аноним ниқоб», «Вендетта ниқоби» ёки шунчаки «V ниқоби» номи билан машҳурликка эришган Гай Фокс ниқоби — 2000 йиллар охири ва 2010 йиллар бошида коррупцияга қарши курашнинг, Ғарбдаги ҳукуматлар ислоҳотларига қаршиликни билдирувчи машҳур атрибутга айланган. У биринчи бор «V — вендетта дегани» комиксида пайдо бўлган, уни ўзини V деб таништирган бош қаҳрамон тақиб юрган. Ниқоб ва образ муаллифи — комикс иллюстратори Дэвид Ллойд ҳисобланади. У Гай Фокснинг суратларидан илҳомланган.

Комикс иллюстратори Дэвид Ллойд томонидан яратилган Гай Фокс ниқоби

Комикс иллюстратори Дэвид Ллойд томонидан яратилган Гай Фокс ниқоби
Фото: Goodfon

Гай Фокс ниқоби фойдаланувчининг анонимлигини билдирадиган энг машҳур мемга айланиб улгурган. The New York Times маълумотларига кўра, Rubies Costume компанияси томонидан бир йилда 100 мингдан ортиқ, Британиянинг ўзида эса 16 минг шу турдаги ниқоблар сотилган. Харидлар сони бўйича ниқоб Бетмен ва Гарри Поттер ниқобларини ортда қолдириб, рекорд ўрнатган.

Гай Фокс расман террорчи бўлса-да, 2002 йилда у BBC томонидан тузилган Британиянинг энг буюк шахслари рўйхатига киритилган эди.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Илон Маск Twitter’да Apple рекламалари тикланганини эълон қилди
Дунё
Туркиянинг Kizilelma қирувчи дрони илк парвозни амалга оширди (видео)
Дунё
Хитой Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатдими?