Самарқандда 3 ноябрь куни Ўзбекистон иқтисодий форумининг очилиш маросими бошланди. Маросимда Шавкат Мирзиёевнинг форуми иштирокчиларига мурожаати эълон қилинди.
Халқаро тадбирда дунёнинг етакчи иқтисодчилари, нуфузли инвесторлари ва халқаро экспертлари қатнашмоқда. Президент форум очилиши билан самимий қутлаб, ушбу форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.
Президент мурожаатида қайд этилишича, ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада 2022 йилда республикада 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда.
«Бугунги анжуман иштирокчилари янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришиб, шериклик алоқаларимизни янада кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонаман», — деган президент.
Форум кун тартибида Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегиясини муҳокама қилиш ўрин олган. Шу билан бирга, пул-кредит сиёсати, яшил иқтисодиётга ўтиш зарурати борасида мулоқотлар бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)