31 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан ўз қўриқчилари томонидан ўлдирилган Индира Ганди, 200 доллар учун АҚШдаги самолётни Римга олиб қочган йигит ва Сталин жасадининг Мавзолейдан кўчирилишига оид фактлар ўрин олган.
Қўриқчилари томонидан ўлдирилган Индира Ганди
1984 йил 31 октябрь куни Ҳиндистон бош вазири Индира Ганди Деҳлидаги қароргоҳида ўлдирилган эди. Икки нафар қўриқчи унга 30 га яқин ўқ узган. Хоинлик минглаб сикхлар ҳалок бўлган Олтин ибодатхонадаги операция учун қасос бўлган — жиноятчилар ушбу диний жамоат вакили эди.Индира 1917 йил 19 ноябрда Ҳиндистоннинг Оллоҳобод шаҳридаги сиёсатчилар оиласида дунёга келган. Отаси Жаваҳарлал Неру Ҳиндистоннинг бўлажак биринчи вазири, бобоси Мотилал Неру бўлса Ҳиндистон Миллий конгрессининг раҳбари, онаси Камала ашаддий репрессияларни бошдан кечирган фаоллардан эди.
Индира болалигидан замонасининг энг миллатпарвар, ақли расо кишилари билан бир даврада бўлган, мағзини чақишга ёши кичиклик қилса-да, уларнинг суҳбат-у мулоҳазалари онг остига сингиб, кейинроқ ўзини намоён қила бошлаган. Дастлаб уйда таълим олган қизалоқ кейинчалик ўқишни Сантиникетан университетида давом эттиришга қарор қилади. Ёлғиз фарзанд бўлгани учун ҳеч нимадан кам бўлмай улғайган Индира, қолаверса, бутун миллатнинг ҳаёти унинг ота-онаси билан боғлиқ вазият сабаб тубдан ўзгариб кетади.
Ислом ва ҳиндуизм элементларидан ташкил топган монотеистик дин ҳисобланган сикхизм Ҳиндистоннинг шарқий қисмида бундан тахминан 600 йил аввал пайдо бўлган. Эътиқод қилувчиларнинг қарашлари жануб ва шимолдаги қўшниларидан кескин фарқ қилмаганига қарамай, худди бошқа исталган этноконфессионал гуруҳлар сингари қайсидир лаҳзада улар ҳам ўз давлатларини шакллантиришни истаб қолади. Сикхлар мустамлака давриданоқ энг яхши, содиқ ва қўрқмас жангчилар ҳисобланган. Шу сабабли Британия генерал-губернаторларининг шахсий қўриқчилари ҳам улардан таркиб топган. Ганди ҳам шу анъанага риоя қилган.
1980 йиллар бошига келиб Ҳиндистон ҳукумати сикх сепаратизмига дуч келади: радикал ташкилотлар Панжобда автоном штатни талаб қилиб, у ерда Ҳалистан давлатини тузишни талаб қилади. 1982 йилга келиб сикхлар диний етакчилари Жарнаил Сингх Биндранвал атрофида тўпланиб, Амрицардаги Олтин ибодатхонани эгаллайди.
Шунда Ганди ибодатхона ҳудудини тозалашни буюради ва унга танклар стволи йўналтирилган. Радикаллар яхши қуроллангани боис қонли тўқнашув юзага келади ва Ҳиндистон ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 83 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда 500 нафар сикх ҳалок бўлган. Норасмий манбалар бир неча минг одам ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Олтин ибодатхонага ҳужум Гандининг сиёсий карьерасидаги энг зиддиятли қарор ҳисобланади.
Содир бўлган воқеалардан кейин Индира Гандининг яқинлари унга ўз атрофидаги соқчилар таркибидан сикхларни алмаштиришни таклиф қилган. Бироқ бош вазир намойишкорона қўриқчи сикхларига ишонишни давом этган.
Қасос 31 октябрь куни соат 09:08 да содир бўлган — бу вақтни Ганди қароргоҳига телеинтервью учун келган британиялик актёр ва режиссёр Питер Истин қайд этган. Тасвирда чиройли кўриниш учун Индира чиройли кўйлагини кийган ва зирҳли нимчадан воз кечган. Бу вақтда Beanт Сингх ва Сатвант Сингх исмли соқчилари фитнага тайёрланаётганидан бехабар бўлган. Тор коридорда ҳимояланган одамни пойлаб ётиш учун биринчиси бефарқ ҳамкасби билан навбат алмашган бўлса, иккинчиси қорни оғриганидан шикоят қилиб, ҳожатхона ёнидан жой олган.
Тергов давомида аниқланишича, Истин билан суҳбат ўтказиладиган хона икки қотил қуршовида қолган. Ганди қўриқчиларга табассум қилган ва шу вақт чап тарафида турган Beanт Сингх учта ўқ узган. Индира йиқилган, шундан кейин Сатвант Сингх бор ўқларини унга отган.
«Мен қилишим керак бўлган ишни бажардим. Энди сизлар ўз вазифангизни амалга оширинг», — деган Beanт Сингх югуриб келган қўриқчиларга. Соат 09:30 да Ганди госпиталга етказилган, бироқ унинг омон қолиши имконсиз эди. Соат 14:20 да Ҳиндистон ҳукумати раҳбари ҳушига келмай вафот этган.
Мамлакатнинг энг яхши шифокорлари Гандининг ҳаётини сақлаб қолишга уринаётган бир пайтда ўз бошлиғига содиқ бўлганлар ва сикх қўриқчилар ўртасида можаро юз берган. Оқибатда Beanт Сингх отиб ўлдирилган, Сатвант Сингх эса оғир яраланган, бироқ тирик қолган. 1986 йилда суд уни ва яна бир шериги Кехар Сингхни осиш орқали ўлим жазосига ҳукм этган.
200 доллар учун АҚШдаги самолётни Римга олиб қочган йигит
1969 йил 31 октябрь куни Вьетнам урушининг 19 ёшли фахрийси Раффаэле Миникиэлло Транс World Airlines (TWA) авиакомпаниясининг Boeing 707 самолётини эгаллаб олган.Самолёт Лос-Анжелесдан ҳавога кўтарилган ва тез орада Сан-Францискога қўниши керак эди. Бироқ унинг йўловчилари ва экипаж мутлақо бошқа йўналишда парвоз қилишга мажбур бўлади. Бир суткадан кейин улар Римга етиб борган. Бу тарихда қитъалараро ўғирланган биринчи самолёт эди. Миникиэлло ва у томонидан асирга олинган экипаж аъзолари умумий ҳисобда 11 минг километр йўл босган.
Барчаси АҚШ денгиз пиёдалари капрали Раффаэле Миникиэллога 200 доллар кам тўлашганидан келиб чиққан. Вьетнамдан қайтган денгиз пиёдалари учун унга 800 доллар берилиши керак бўлган. Аммо капрал ватанига қайтгач, ҳисобида 600 долларгина борлигини кўрган. Бир йил Вьетнамда кўнгилли сифатида урушда қатнашган йигит аввалига раҳбариятдан ёрдам сўраган, бироқ унга кўмак кўрсатилмаган.
Ғазаб отига минган денгиз пиёдаси Миникиэлло ўзи адолат ўрнатишга қарор қилган ва Кемп-Пендлтон ҳарбий-денгиз базасидан 200 долларлик радиоаппарт ҳамда бошқа буюмларни ўғирлаган. Содир этган жинояти учун қамалмаслик мақсадида у самолётни олиб қочишга қарор қилган.
Раффаэле 12 ёшга тўлганида унинг оиласи Италиядаги Мелито-Ирпино шаҳарчасидан АҚШга кўчиб келган. Бу шаҳарда 1962 йили кузатилган зилзиладан кейин содир бўлган. 19 ёшли Вьетнам уруши фахрийси таъқибдан ўзининг тарихий юртига қочмоқчи бўлган.
Сайгондан олиб келган Хитой милтиғи ва кўплаб патронлар билан қуролланган Миникиэлло 15,5 доллар эвазига Лос-Анжелес—Сан-Франциско рейсига чипта харид қилган. У қуролини ҳожатхонага яширган, 40 нафар йўловчиси бор самолёт ҳавога кўтарилганида у стюардессани асирга олиб, уни учувчи кабинасини очишга буюрган. У ерда эса экипажга борт эгаллаб олингани маълум қилинган.
Миникиэлло аввалига ўзи билан биринчи бўлиб асирга олган инсони — стюардесса Шарлин Делмонико қолишини талаб қилган. Аммо кейин бортда унинг ҳамкасби Трейси Коулмен қоладиган бўлган — Нью-Йоркда унинг яхши кўрган йигити бор эди ва у саёҳат ўша ерда тугашига умид қилган. Парвоз шу қадар тинч ўтганидан, босқинчи асабийлашмай қўйган ва ҳатто асирлар билан яхши муомала қилган. Самолёт Денверга қўнганида йўловчиларнинг чиқишига рухсат берилган, улардан бири ўриндиқда Хеллоуин учун костюмини қолдирганини эслаган. У Миникиэллодан ортга қайтиб, уни олишни сўраган ва у рухсат берган.
Денвердан Нью-Йоркка амалга оширилган уч соатлик парвоз ҳам ортиқча можароларсиз кечган. Самолёт бортида беш киши қолган: уч нафар учувчи, стюардесса Трейси Коулмен ва Миникиэлло. «Жон Франклин Кеннеди» аэропортида самолёт ёнилғи қуйиши ва учувчиларни алмаштириб, парвозни давом эттириши керак эди — Миникиэлло шундай ўйлаган. У ерда ўзини юзга яқин ФҚБ ходимлари кутиб турганидан бехабар бўлган. Уларнинг айримлари оптик винтовка билан биринчи буйруқданоқ ўқ узишга тайёр турган.
Бироқ Раффаэленинг бахтига махсус хизматларга халақит берган ҳодиса содир бўлган: Миникиэллонинг винтовкаси ўқ узиб юборган. Кейинроқ аниқланишича, ўқ босқинчи қурол билан эҳтиётсиз муносабатда бўлгани боис отилиб кетган. Ўқ шифтга тегиб, кислород баллоннинг ёнидан учиб ўтган ва фюзеляжга зарар етказмаган.
Бу вақтда ҳеч ким нима бўлаётганини тушунмаган, кабинада қўрқиб кетган учувчилар ерга ҳеч қанақа ёнилғи қуйилмаслигини айтиб, самолётга ҳеч ким яқинлашмаслигини талаб қилган. Экипажга бошчилик қилган капитан Дональд Кук кейинчалик ҳаммаси шундай содир бўлганидан хурсанд эканини айтган: «ФҚБнинг режаси бутун жамоанинг ўлимига олиб келарди».
Самолёт кейинги қўнишни Мен штатида амалга ошириб, ваниҳоят ёнилғини қуйган. Бу вақтга келиб асирга олинганларнинг тақдирига бутун Америка қизиқиш билдираётган ва полиция мухбирларнинг эгаллаб олинган самолётга яқинлашмаслиги учун бор имкониятини ишга солаётганди.
Ҳаво кемаси Римга яқинлашган вақтда Миникиэлло ўз талабини илгари сурган: самолёт аэропортдан узоқ жойга қўндирилиши ва уни полиция вакили қуролсиз кутиб олиши керак эди.
Асирлар билан хайрлашган Раффаэле мулозамат қилиб, уларга полиция машинасида меҳмонхонагача ташлаб қўйишни таклиф қилган, бироқ улар буни рад этган. Охир-оқибат у экипаждан шунча оворагарчилик учун узр сўраган.
Экипажнинг саргузаштлари шу билан тугаган бўлса, Раффаэленики давом этган. Италия ерида уни қуролсиз полициячи Alfa Romeo’да кутиб олган. Милтиғини политисиячининг бўйнига тираган йигит машинани Римдан ташқарига, кейин эса Неаполга ҳайдашни буюрган. Бироқ ўзларини тақиб қилишаётганидан хабар топиб, одамлар йўқ жойда тўхташни буюрган ва қочиб кетган. Уни қидиришга юзлаб полициячилар, итлар ва вертолётлар жалб этилган.
2 ноябрь куни, Лос-Анжелесда бошланган парвоздан бир сутка ўтиб Раффаэле черковга келган. Бу вақтда қочоқни бутун Италия кузатаётганди. Ҳатто оғир бетоб отаси ҳам воқеадан хабар топиб, ўғли олдига келса, унинг қулоғини кесишга ваъда берган.
Раффаэленинг кейинги карьераси яхши кечмаган. Қамоқда ўтириб чиққач, у фотомодель ва киноактёр бўлишга қарор қилган, бироқ омади чопмаган. Айримлар ҳатто уни Жон Рембонинг прототипи деб ҳисоблаган, аммо фильм ижодкорлари буни рад этган. У узоқ вақт Римда яшаган, бармен бўлиб ишлаган, бар эгасининг қизига уйланган ва ҳатто Hijacking номи остида ресторан очган.
1980 йили у яшаган Ирпинияда яна кучли зилзила содир бўлган. Орадан беш йил ўтиб, унинг рафиқаси туғуруқ вақтида вафот этган. Шифокорларнинг масъулиятсизлигига жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадида Раффаэле янги терактни режалаштирган — у тиббиёт анжумани иштирокчиларини асирга олмоқчи бўлган ва бунинг учун қурол ҳам топган. Аммо у дўсти сабаб Инжилни ўқишга қизиқиб қолган ва Миникиэлло художўй инсонга айланган.
1999 йилда Миникиэлло TWA85 рейсини эгаллаб олганидан кейин биринчи марта Америкага келиб, қуролдош дўстлари билан учрашган. 2009 йилда собиқ асирлари билан учрашув ҳам ташкил этган — унга фақат стюардесса Шарлин Делмонико ва учувчи Венсел Уильямс келган.
«Сталин билан бир жойда ётмайман»
61 йил олдин Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг XXII қурултойи қарори билан Сталиннинг жасади кечаси яширин равишда Мавзолейдан олиниб, Кремль деворлари ёнига кўмилган. Қайта дафн этилиш жамиятда у қадар норозилик келтириб чиқармаган. Сталиннинг дафн маросимида дод-фарёд солганлар бу сафар кўчаларга ҳам чиқмаган.Сталин ётган саркофаг кўчирилгунига қадар Мавзолейда саккиз йил турган, у 1953 йил 9 мартда Лениннинг ёнига жойлаштирилган эди. Генералиссимус билан видолашувга кўплаб оламон тўпланган ва юзлаб ёки минглаб одамлар тиқилинчда оёқости бўлганди. Таъкидлаш керакки, қайта дафн маросими ҳам қурбонларсиз кечмаган.
Сталин саркофагининг Мавзолейга жойлаштирилиши аввал бошидан вақтинча чора бўлган. Москва атрофида «Совет давлатларининг буюк шахслари хотирасига абадий ёдгорлик» қуриш режалаштирилган. Ҳатто танлов ҳам эълон қилинган, бироқ лойиҳа тез орада бекор бўлган.
Шу боис Сталин Мавзолейда Ленин билан бирга ётган, «Ленин» ёзуви туширилган кўп тоннали монолитни эса тезда алмаштириш имкони бўлмаган, унинг юзаси қатрон билан қопланиб, малина рангли бўёқ билан иккита — «Ленин» ва «Сталин» фамилиялари туширилган. Аммо совуқда, тош муз билан қопланганида «Ленин» ёзуви пайдо бўлган. Шу сабабли 1960 йилда барибир алмаштирилган, эскисини эса ёдгорлик учун ишлатиш режалаштирилган. Бунга шахсий ташаббуси билан мавзолей коменданти полковник Константин Мошков тўсқинлик қилган, у мармар бўлагини Водникидаги тошни қайта ишлаш заводига юборишни буюрган ва директор билан уни сақлашни келишиб олган. Кейинроқ маълум бўладики, Мошков шу орқали мамлакатни янги харажатлардан қутқариб қолган.
КПССнинг 1956 йил ХХ қурултойида ўтказилган ёпиқ мажлисда сўзга чиққан Никита Хрушчёв «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари» ҳақида гапирган, шундан кейин Сталинни Мавзолейдан чиқариб ташлаш бўйича гап-сўзлар янграшни бошлаган. Аммо расмийлар анча вақтга қадар бу бўйича қарор қабул қилмаган.
Шахсга сиғинишга қарши курашдаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири 1961 йил 30 октябрь куни — XXII чақириқнинг сўнгги иш кунида ташланган. Унда социализм муваффақиятли қурилгани ва 1980 йилда келиши кутилаётган коммунизм томон тўғри йўналиш олингани таъкидланади.
Шубҳасиз янги қадам ташаббускори Хрушчёв бўлиб, бироқ бу сафар асосан бошқалар қўли билан иш кўрган. Ушбу ҳаракатларнинг барчаси пухта режалаштирилган ва муваффақиятли амалга оширилган. Бу вақтда Хрушчёв қудратининг энг юқори чўққисига чиқилган эди, бунинг устига айнан шу куни Янги Ер архипилагида тарихдаги энг кучли термоядровий «Цар-бомба» синовдан ўтказилганди.
Съезд иштирокчилари 26 октябрда «КГБ» раҳбари Александр Шелепиннинг Сталин даврида партиянинг кўплаб бегуноҳ аъзоларига қарши жиноятлар содир этилгани тўғрисидаги ҳисоботини тинглаган. Шу билан бирга, Шелепин Сталиннинг шахсий жавобгарлиги масаласига тўхталмаган, Хрушчёв ҳам танқид қилинмаган, асосан, Молотов, Маленков, Каганович, Булганин ва Ворошилов ҳужум остида қолган.
Грузияда Сталин давридан кейин ҳам унинг шахсига нисбатан алоҳида эътибор қаратилган. Сталинга нисбатан ҳужумлар антигрузин кампанияси сифатида қабул қилинган, Тбилисида эса шахсга сиғинишга қарши уринишлар тартибсизликлар билан якунланган. Намойишчиларга қарши ўт очилган. Грузинлар Сталиннинг ҳайкаллари бузилишига йўл қўймаган. Шунга қарамай, Сталиннинг бутун СССР бўйлаб кўп сонли ҳайкаллари 1961—1962 йиллар давомида бузиб ташланган. Ёдгорликлар демонтажи кечалари ёки таъмирлаш баҳонасида амалга оширилган.
КГБ маълумотларига кўра, грузин фаолларида Сталиннинг қайта кўмилишига қарши режа бўлган, улар якка тартибда Москвада тўпланишга уринган. Ленин ва Сталинни яхши таниган, репрессиялардан жабр кўрган болшевик кампир Дора Лазуркинанинг чиқиши съезд иштирокчиларига қаттиқ таъсир қилган. Қарсаклар остида у тушида Ленинни кўргани ва у Сталин билан бирга ётишни истамаслигини айтганини сўзлаб берган.
Қурултой бир овоздан қуйидаги қарорни қабул қилган: «Мавзолейда I.В.Сталин тобути бўлган саркофагни сақлашни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилсин, чунки Сталин томонидан Ленин васиятлари жиддий бузилган, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳалол совет одамларига қарши оммавий репрессиялар уюштириш ва шахсга сиғиниш даврида амалга оширилган бошқа ҳаракатлар унинг жасади бор тобутнинг Ленин Мавзолейида қолишига йўл қўймайди».
Танаффус вақтида Хрушчёв КГБ 9-бошқармаси бошлиғи Николай Захаров ва Кремль коменданти Андрей Веденинга зудлик билан дафн маросимига тайёргарлик кўришни буюради: «Бугун Сталинни қайта дафн этиш бўйича қарор қабул қилиниши мумкинлигини инобатга олинглар. Жой белгиланган. Мавзолей коменданти қабрни қаердан қазиш кераклигини билади».
Тунги махсус операцияда 30 га яқин одам иштирок этган. Уларнинг ҳаракатини Партия назорати қўмитаси раҳбари Николай Шверник бошқарган. Сталиннинг қариндошлари — қизи Светлана ва ўғли Василий қайта дафн этиш жараёнига чақирилмаган. Атроф фанер бўлаклари билан тўсилган, Қизил майдонга кириш ноябрь ойидаги ҳарбий парадларга тайёргарлик баҳонасида ёпилган. Сталиннинг мундиридан генералиссимус погонлари, Социалистик меҳнат қаҳрамони Олтин юлдузи ечилган, мундирдаги тилла тугмалар латунга алмаштирилган. Мавзолей коменданти Мошков буларнинг барчасини Кремль девори яқинида кўмилганларнинг мукофотлари сақланадиган хонага жойлаштирган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)