Бухоро вилояти Пешку туманида Мажбурий ижро бюроси ходимига тажовуз қилган фермер ва унинг ўғли қамоққа олинди.
Қайд этилишича, Пешку туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор «Варахша тулпори» фермер хўжалигининг ундирувчи ДSI ва бошқалардан 93 миллион сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Ижрони таъминлаш мақсадида бюронинг туман бўлими давлат ижрочилари 22 октябрь куни соат 11:30 да туманнинг «Варахша» МФЙ ҳудудида жойлашган «Варахша тулпори» фермер хўжалиги дала шийпонига бориб, қарздор фермерга ижро ҳужжати талабларини тушунтираётган вақтда қарздор фермер ва унинг ўғли тўсатдан давлат ижрочисига ташланиб, унинг бўйнидан бўғиб, тан жароҳати етказган.
Ўша жойда бўлган давлат ижрочилари ва ички ишлар ходимлари фермер ва ўғлининг хатти-ҳаракатларини тўхтатган. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тажовузкор фермер ва ўғли эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)