Бош прокуратура маданий мерос ва туризм соҳасидаги қонунчилик ижроси Қашқадарё вилоятида (1 468 та тарихий объект жойлашган) ўрганилганда бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.
Жумладан, 18 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилмалар қурилган ва ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилган. Хусусан, Яккабоғ туманидаги XII асрга оид Гумбаз масжидининг ички деворлари реставрация қоидаларига зид равишда таъмирланган бўлса, Касби туманидаги XIV асрда бунёд қилинган Катлас масжиди деворларига тақаб девор қурилиб, зарар етказилган.
Шунингдек, маданий мерос объектларининг 382 таси ёки 26 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Яккабоғ туманидаги XII-ХIV асрларга оид Ёдгор Валламин мадрасаси ёки Касби туманидаги XIV асрда қурилган Катта Сардоба ёдгорликлари шулар жумласидан.
Вилоятдаги 35 та тарихий объект таъмир талаб, авария ҳолатига келиб қолгани, 10 та маданий мерос объектидан ноқонуний фойдаланиб келингани, 5 та маданий мерос объектига ноқонуний равишда реклама баннерлари ўрнатилгани аниқланган.
Бундан ташқари, туристлар ташриф буюрадиган 58 та маданий мерос объектида ёнғин хавфсизлиги, 49 тасида санитария қоидалари талаблари бузилган.
Қайд этилишича, қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ўрганиш давом этмоқда.
Изоҳ (0)