Ёз келганда инсонлар беихтиёр кўпроқ пул сарфлай бошлайди: кимдир қиммат саёҳатларга отланади, бошқалар гардеробини янгилашга шошилади, айримлар эса кўнгилочар тадбирларга катта маблағ сарфлайди. Аммо “шартли” ҳисобланган бу харажатлар нафақат оила бюджетига жиддий зарар етказиши, балки соғлиққа ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қуйида ёзда харид қилиш тавсия этилмайдиган буюмлар ҳақида сўз юритамиз.
1. Фақат оқ рангли кийимларни танлаш

Дерматологлар ёзда узун, қўлларни ёпадиган ва енгил либослар кийишни тавсия этади. Аммо айнан тўқ рангли кийимлар оқ рангларга қараганда ултрабинафша нурлардан яхшироқ ҳимоя қилади. Масалан, узун енгли жинси кўйлак тахминан 1 700 SPF даражасида қуёшдан ҳимоя беради, оқ футболка эса атиги 7 SPF атрофида ҳимоялайди.
2. Иссиқ кунлар учун кепка харид қилиш
Кўпчилик болалигидан ёзда бош кийими сифатида кепка кийишга одатланган, лекин аҳамият берилса, кепка бошни деярли ҳимоя қилмайди: у юз, қулоқ ва бўйинни ёпмайди. Унинг ўрнига кенг бичимли шляпа кийиш афзалроқ.
3. Пластик бутилкадан сув ичиш одати

Аризона штатининг Экологик саломатлик маркази мутахассислари хулосасига кўра, иссиқ ҳавода пластик идишлардаги ичимликлар таркибига зарарли моддалар кўпроқ ажралиб чиқади. Шу сабабли, ёзда ичимликларни шиша идишда сотиб олиш тавсия этилади. Пластик идишдаги ичимликни эса қуёш нури остида қолдирмаслик керак.
4. Пляждаги таомлар учун керакcиз харажатлар
Пляжга ташриф буюрганда ўзингиз билан уйда тайёрланган бирор тамадди, масалан, сендвич олиб бориш анча тежамли вариант. Чунки одатда, пляжлардаги овқатлар қиммат бўлади ва улар доим ҳам соғлиқ учун фойдали бўлавермайди.
5. Ёзги кийимлар учун ортиқча харажат қилиш

Рекламалар таъсирида кўпчилик ёз бошланиши билан янги шортик, панама ёки қуёшдан сақловчи кўзойнак сотиб олишга ошиқади. Аслида эса, ўтган йилда харид қилинган кийимлар уйдаги жавонда ҳам ҳали яроқли ҳолатда турган бўлади. Агар гардеробни янгилашга иштиёқ кучли бўлса, камида бир неча мавсумга етадиган, амалий кийимларни танлаш ва мавсумий чегирмаларга эътибор бериш керак.
Reddit фойдаланувчилари ёзда қишки кийимларни сотиб олиш арзонроқ тушишини таъкидлайди:
“Ўтган ҳафта 75 фоиз чегирма билан қишки палто сотиб олдим. Энг қизиғи, мен айнан шундай палтони апрель ойида излагандим. Аммо июнда дўконда топдим. Жуда омадли харид бўлди!”, дейди Reddit фойдаланувчиси.
6. Қуёшдан сақловчи арзон кўзойнаклар

Ёзги гардеробдаги энг муҳим буюм кўзойнакдир. У нафақат кўзни қуёшдан пана қилиши, балки УВ нурларидан ҳам яхши ҳимоялаши керак. Кўзойнакнинг қанчалик тўқ рангда бўлиши унинг қуёшдан ҳимоя даражасини англатмайди. Муҳими, ишлаб чиқарувчи кўзойнакнинг қуёш нурларига қарши қандай ҳимоя тақдим этишини аниқ кўрсатган бўлиши лозим.
7. Болалар учун қимматбаҳо кўнгилочар машғулотлар

Баъзида ота-оналар фарзандлари учун албатта қиммат курортлар ёки хорижий тилга ихтисослашган лагерларини танлашга уринади. Реклама таъсирида ота-оналар фарзандларини доимий равишда кўнгилочар машғулотларга жалб қилиши керак, деб ўйлашади. Аслида эса фарзандга яхши тарбия бериш учун бошқа нарсалар муҳимроқ. Масалан, ҳар бир муаммони бола билан тинч ҳолатда гаплашиб олиш, биргаликда оилавий сайр қилиш ёки уйқудан аввал эртак ўқиб бериш кабилар болаларга кўпроқ завқ беради.
8. Қуёшдан сақловчи кремнинг ёғли туридан фойдаланиш
Пляжга ёпишқоқ таркибга эга қуёшдан сақловчи крем олиб бориш — пулни бекорга сарфлаш ва кайфиятни бузиш демакдир. Чунки бундай крем суртилган танага қум дарров ёпишиб қолади. Унинг ўрнига таркиби минерал моддалардан иборат ва гел кўринишидаги қуёшдан сақловчи воситаларни танлаш мақсадга мувофиқ.
Изоҳ (0)