Боку шаҳрига ташриф доирасида 19 октябрь куни муфтий Нуриддин домла Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот чоғида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Муфтий Нуриддин домлага нуфузли анжуманда қатнашиш учун ташриф буюрганига миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, муфтий ҳам Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Пошозодага халқаро анжуманга таклиф этгани учун ташаккур айтиб, унинг юқори даражада ўтишига ишонч билдирди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган эътибори натижасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани, Шарқ-у Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган Туркий халқлар заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар, мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшгани, икки давлат диний идоралари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳар томонлама зарурлиги тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.
Мулоқотда томонлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандумга имзо чекди.
Изоҳ (0)