Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан бирга Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Остона саммитига бағишланган концертни томоша қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир аввалида етакчилар ўртасида мулоқот ташкил этилган.
«Остона опера» театрида бўлиб ўтган концертда қозоқ миллий куй-қўшиқлари, классик симфониялар, опера ва балетдан намуналар ижро этилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 12 октябрь куни Остона шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Президент у ерда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларида иштирок этади. Ушбу саммитлар доирасида ҳамкор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Таъкидланишича, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити — минтақа мамлакатлари ўртасида «мулоқот форуми» сифатида танилган. Унинг асосий мақсади Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва айланишига қарши курашиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Остонага етиб борди (фото)
Изоҳ (0)