Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Германия канцлери Олаф Шольц унинг илтимосига кўра зудлик билан G7 (катта еттилик) гуруҳи мамлакатлари йиғилишини чақирмоқчи.
«G7 га раислик қилаётган Германия канцлери Олаф Шольц билан гуруҳнинг шошилинч йиғилиши бўйича келишиб олдик», — деб ёзди Украина раҳбари Twitter’да. У Германия ҳукумати раҳбари билан телефон орқали суҳбатлашган.
Зеленскийнинг айтишича, учрашувда унинг нутқ сўзлаши режалаштирилган. «Биз Россияга нисбатан босимни кучайтириш ва (Украинадаги) зарарланган инфратузилмаларни тиклашга ёрдам масаласини ҳам муҳокама қилдик», — дея қўшимча қилди Украина президенти.
Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни эрталаб Киевда ва Днепрда бир неча марта портлашлар содир бўлди. Киев мери Виталий Кличко шаҳарга зарбалар берилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Киев марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган.
Шевченко туманида ракета зарбаси оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, яна 24 нафар тинч аҳоли вакили яраланди.
Киевда метро ҳаракати тўхтатилган, метрополитеннинг барча бекатлари фуқаролар учун бошпана сифатида фойдаланилмоқда.
Шунингдек, Днепрда ҳам портлаш овозлари эшитилган. Шаҳарда ва вилоятда ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Бундан ташқари, ОАВлар Украинанинг Хмелницкий, Житомир, Львов, Кременчуг, Кривой Рог, Тернопол шаҳарларидаги портлашлар ҳақида ҳам хабар бермоқда.