Беларусь президенти Александ Лукашенко хавфсизлик масалаларига оид йиғилишда маълум қилишича, у «Иттифоқ давлатининг ғарбий чегараларида вазият кескинлашгани муносабати билан» Владимир Путин билан қўшма минтақавий қўшин гуруҳларини кучайтириш ҳақида келишиб олган. Бу ҳақда «БелТА» хабар бермоқда.
«Буларнинг барчаси бизнинг ҳужжатларимиз бўйича. Агар хавф даражаси ҳозиргидек кўрсаткичга етса, биз Иттифоқ давлати гуруҳини ишга туширишни бошлаймиз. Ушбу гуруҳ асоси — бу Беларусь Республикаси армияси, қуролли кучлари», — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, гуруҳни шакллантириш икки кундан буён давом этмоқда.
Шунингдек, Лукашенко Украина Беларусь ҳудудига зарбалар беришни режалаштираётгани ҳақида яна бир марта маълум қилди — Минск бу борада «норасмий каналлар орқали» огоҳлантирилган.
Унинг фикрича, бундай зарба «ҳарбийлар нуқтаи назаридан тентаклик бўлган бўларди», лекин «жараён бошланган». «Агар улар ифлос қўллари билан Беларусь ҳудудининг бир метрига ҳам тегинадиган бўлса», яқинда Қрим кўпригида бўлган портлаш «ҳеч гап бўлмай қолади», дея огоҳлантирди Лукашенко.
Иттифоқ давлати
Россия ва Беларусь Иттифоқ давлати 2000 йил январидан буён мавжуд бўлиб келмоқда. Иттифоқ иштирокчилари умумий парламент ва конституция, ягона валюта яратишни муҳокама қилган, аммо бундай битимни қабул қилмаган. 2019 йилда Россия ташаббуси билан музокаралар қайта бошланди, 2021 йилда эса томонлар Россия ва Беларуснинг интеграциялашувига қаратилган 28 та иттифоқ дастурларни келишиб олди.Беларуснинг Россия-Украина низосига муносабати
Россия Украинада 24 февралдан буён махсус операция олиб бормоқда. Лукашенко Беларусь низода қатнашмаётганини ва қатнашишни режалаштирмаётганини бир неча марта таъкидлаган. «Тағин мени қандайдир ҳужумни режалаштиряпти, Украинани Беларусь ҳудудидан бомбардимон қилмоқчи деб ўйламанг. Сизнинг ва менинг фарзандларимиз жанг қилишини ҳеч ҳам истамайман. Улар нимани деб жанг қилиши керак?» — деган эди у августда.Сентябрда Лукашенко Беларусь ўз ҳудуди орқали Россия армиясига яширинча зарба берилишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Кейинроқ эса у Беларусь ҳеч кимга ҳужум қилмаганини ва ҳужум қилмаслигини айтди ва Украинада қон тўкилишини тўхтатиш учун ҳамма чорани кўришга ваъда берди.
Кейинроқ Александр Лукашенко Беларусь Россия Украинага қарши олиб бораётган «махсус ҳарбий операция»да қатнашаётганини, аммо ўз ҳарбийларини зиддият ҳудудига юбормаётганини айтди. «Украинадаги махсус ҳарбий операциядаги иштирокимизга келсак, биз унда қатнашяпмиз. Буни яширмаяпмиз. Лекин биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз. Ўз ҳарбийларимизни ҳеч қаерга юбормаяпмиз. Биз ўз мажбуриятларимизни бузмаяпмиз», — деди Лукашенко.