АҚШ Конгресси аъзолари ОПЕК+ (Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) мамлакатларининг нефть қазиб олишни қисқартириш ҳақидаги қарори фонида Саудия Арабистонига қурол сотишни тўхтатишни таклиф қилмоқда.
«Миллий хавфсизликни яхшилаш йўлидаги оддийроқ ва тезроқ қадам АҚШнинг Саудия Арабистонига барча ҳарбий таъминоти, савдоси ва бошқа ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйиш бўларди», — дейди Конгресснинг Вакиллар палатаси аъзоси Ро Ханна ва сенатор Ричард Блюментал Politico мақоласида.
Конгресс аъзоларига кўра, Ар-Риёд АҚШ ҳарбий таъминоти ва мудофаа ёрдамига қаттиқ боғланган. Конгрессменларнинг фикрича, Саудия Арабистони ҳозирда қурол етказиб берувчиларни алмаштира олмайди, чунки мамлакат балансидаги Америка қуроллари бошқа давлатлар қуролларига мос келмайди.
«Саудия Арабистонининг ҳозирги қурол тизими ва бошқа потенциал хорижий таъминотчилар ўртасидаги минимал мувофиқликни ҳисобга олсак, бу мамлакат таклиф қилинган қонун лойиҳасига жавоб бериш учун АҚШ билан музокаралар столига яхши ниятда қайтишдан бошқа нарса қила олмайди», — деди қонунчилар.
Ро Ханна ва Ричард Блюментал нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисидаги қарор Россия билан «тил бириктириш»дан сўнг қабул қилинган деб ҳисобламоқда.
5 сентябрь куни ОПЕК+ давлатлари нефть қазиб олишни ноябрь ойидан бошлаб кунига 2 миллион баррелга қисқартиришга келишиб олди. АҚШ президенти Жо Байден, ўз навбатида, нефть қазиб олиш квоталари қисқартириш қароридан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди ва АҚШ эҳтимолий жавоб чораларини ўрганаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Кейинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон ОПЕК мамлакатлари қарорига жавоб беришнинг турли вариантларини, жумладан Саудия Арабистони билан муносабатларни ҳам кўриб чиқаётганини айтди.