Ўзбекистоннинг Уммон султонлигидаги элчихонасида Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, Ўмон ва Форс кўрфази минтақаси бозорларига мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти кўламини кенгайтириш мақсадида Salam Air авиакомпанияси тижорат ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси директори Мазин ал-Салманий ҳамда унинг тижорат бўйича менежерлари Кулсум ал-Балушия ва Холид ал-Риямийлар билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, учрашувда Salam Air авиакомпанияси вакилларига Самарқандда ишга туширилган янги халқаро аэропорт, у ерда яратилган қулайликлар, шу жумладан, жорий йил 1 октябридан бошлаб «Очиқ осмон» режими жорий этилгани маълум қилинган.
Мазин ал-Салманийнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Марказий Осиёнинг муҳим транспорт хабига айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Шу сабабли у авиакомпания томонидан Маскат—Тошкент йўналиши бўйича аввалига чартер, сўнгра доимий парвозларни (тахминан жорий йил ноябрь ойидан бошлаб) амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирган.
Ҳозирги пайтда парвозларни бошлаш учун барча шароитлар етарли бўлиб, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш бўйича кучга кирган битим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, 2020 йил 11 майдан эътиборан Ўзбекистон ҳукумати ва Уммон султонлиги ҳукумати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим кучга кирган. Келишувларга мувофиқ, Salam Air авиакомпанияси султонлик томонидан ҳаво қатнови ташувчиси ҳисобланади.