Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи чораги давомида имтиёзли таълим кредитлари учун 183,8 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур кредитлар билан 22 минг 151 нафар талаба қамраб олинган. Кредитларнинг катта қисми, яъни 80 фоизи хотин-қизларга берилган — 17 830 нафар талаба бу имкониятдан фойдаланган.
“Талим-кредити.мф.уз” платформасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг 6 таси билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилиши натижасида таълим кредити ажратилган 141 минг нафар талабанинг электрон маълумотлар базаси шакллантирилган.
Биринчи чоракда банклар томонидан ажратилган имтиёзли таълим кредитлар бўйича етакчиликни “Микрокредитбанк” эгаллаган. Банк томонидан жами 72,3 миллиард сўм кредит ажратилган бўлиб, шундан 57,8 миллиард хотин-қизларга йўналтирилган фоизсиз таълим кредитларидир.
Ундан кейинги ўринларда “Алоқабанк” (21,3 миллиард сўм) ҳамда “Халқ банки” (18,4 миллиард сўм) турибди.
Бир неч кун олдин Президентнинг “Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Ҳужжатга мувофиқ эндиликда таълим кредити фақат кундузги таълимда ўқиётган талабаларга берилади.
Изоҳ (0)