Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Дарё» нашри 23 сентябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.

«Мен нима бўлаётганини русларга рус тилида тушунтираман» — Зеленский россияликларга рус тилида мурожаат қилди

Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 211-кун якунлари бўйича мурожаатини эълон қилди, дея хабар қилади Meduza.

Зеленский ўз нутқининг бир қисмини Россияда эълон қилинган сафарбарликка бағишлади. Эътиборли жиҳати, Украина раҳбари ўз мурожаатини айнан рус тилида билдирди.

Мен русларга нима бўлаётганини рус тилида тушунтираман.Ушбу урушда олти ой ичида 55 минг рус аскари ҳалок бўлди. Ўн минглаб одамлар ярадор ва майиб бўлди. Кўпроғини истайсизми? Йўқми? Унда норозилик билдиринг. Курашинг. Қочиб кетинг. Ёки Украина асирлигига таслим бўлинг. Булар омон қолиш учун вариантлардир.
Бундан ташқари, Зеленский айни пайтда Германиядан танкард етказиб беришни сўраган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида республика аҳолисини ҳарбий хизматга чақиришга бағишланган йиғилиш ўтказиб, Чеченистонда ҳарбий хизматга чақириш режаси «254 фоизга ортиғи билан бажарилган»и ва шу вақтга қадар республиканинг 20 минг аҳолиси Украинадаги ҳарбий амалиётда қатнашганини маълум қилган.

Сўнгги 10 йил ичида Россия фуқаролигини олган марказий осиёликларга РФда ҳарбий хизмат ўташ мажбурияти юкланиши мумкин

Сўнгги ўн йил ичида Россияда фуқаролик олган марказий осиёликларга ҳарбий хизмат ўташ мажбурияти юкланиши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирилл Кабанов маълум қилди.

«Россия президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида Россия фуқаролигини олганига ўн йилдан ошмаган янги фуқаролар учун бир йил ичида мажбурий ҳарбий хизмат ўташ бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз. Бу Марказий Осиё: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келганларга тегишли бўлади», — деб ёзди у ўз Telegram-каналида.

ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия таркибига кириш бўйича референдумлар бошланди

Айни вақтда ўзини ўзи республика деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикаларида, шунингдек, Украинанинг Россия қўшинлари назоратидаги Запорожье ва Херсон вилоятларида «Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар» бошланган.

Сайлов комиссиялари Тошкент вақти билан соат 10:00 да иш бошлади. Россияда ҳам «овоз бериш» учун сайлов участкалари очилди. Барча ҳудудларда «овоз бериш» беш кун, яъни 27 сентябргача давом этади. Шундан сўнг овозларни санаш бошланади.

Жаҳонда рўй бераётган воқеалар юзасидан «Дарё» жамоаси аҳоли орасида сўровнома ўтказди. Умуман олганда, ушбу жараёнларга нисбатан юртдошларимизнинг кўпчилиги адекват фикрлаши намоён бўлди.

«Мен аввалгилар каби хиёнаткор эмасман» — Садир Жапаров чегара масаласини ҳал қилиш учун ердан воз кечмаслигини айтди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қўшни давлатлар билан чегара масаласини ҳал қилиш учун ердан воз кечмаслигини айтди. У республика армиясининг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам гапирди.

Жапаровнинг қайд этишича, Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумати аввалги президентлар бериб юборган ерларни қайтариб олмоқда.

«Бу ер меники ё сизники эмас. Бу минглаб йиллар давомида яшайдиган қирғиз халқининг келажак авлодлари замини», — деди Жапаров «Кабар» давлат агентлигига берган интервьюсида.

Изоҳ
Асосий янгиликлар