Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 15 сентябрь куни машина олиб қочган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, шу куни соат 05:00 да номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида Шайхонтоҳур тумани «Гулобод» маҳалласида жойлашган 41-сонли мактаб биноси олдида бўла туриб, шу ерда қаровсиз қолдирилган, 37 ёшли У.Ч.га тегишли Nexia-2 эшигини ўз ёнида бўлган сих ёрдамида очиб, олиб қочгани аниқланган.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари давомида шу куннинг ўзида соат 11:30 да мазкур автомашина Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган савдо маркази олдида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчининг шахси текширилган. У Тошкент вилоятида яшовчи муқаддам судланган 20 ёшли А.С. экани аниқланган ва қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.С.га нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан қўзғатилиб, у процессуал тартибида ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Жиноят кодексининг нормаларига кўра, ушбу жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)