19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Цуй Дуню билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.
Норовнинг қайд этишича, Ўзбекистон FAOни барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим глобал кўп томонлама платформа деб билади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва FAO ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада жадаллашган. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида FAOнинг Ўзбекистондаги портфели умумий қиймати 65 миллион долларга тенг бўлиб, 59 та миллий, минтақавий ва глобал лойиҳани ташкил этган. Ўзбекистон Марказий Осиё тарихида илк маротаба FAOнинг Европа учун 32-минтақавий конференциясига муваффақиятли раислик қилган. 2020—2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат ва FAO ўртасида имзоланган Доиравий дастурни тўла-тўкис амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Цуй Дунюём Самарқанд шаҳридаги ШҲТ саммити чоғида Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
FAO бош котиби Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётини юқори баҳолаган. Ташкилот озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги билдирилган.
Изоҳ (0)