Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» мақоласида халқаро муносабатларнинг ҳозирги даври бир тарихий давр ниҳоясига етиб, башорат қилиш мушкул ва номаълум бўлган янги бир давр бошланишининг жадал жараёнлари билан тавсифланган «тарихий эврилиш» атамаси сифатида аниқ белгилаб берилган. Буларнинг барчаси мамлакатимиздан ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик доирасида ишонч ва конструктив мулоқот муҳитини яратишга қаратилган мақсадли ташқи сиёсат стратегиясини амалга оширишни талаб этади.

Бу борада, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштирувчи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби кўп қиррали институт алоҳида аҳамиятга эга.

Жорий йил – Ўзбекистоннинг ШҲТ га раислик йили ана шу нуқтаи назардан ўтмоқда. Ўзбекистон Республикасининг мустақил ва ҳар томонлама ишончли ташқи сиёсати йирик минтақавий ва глобал ташаббусларни дадил илгари сурган ҳолда, ШҲТ маконида барча мамлакатлар манфаатларини баланслаш имконини берди. Айни дамда, мамлакатимиз Марказий Осиёни Ташкилотнинг географик маркази деб билади, чунки у кенгайиб бораётган маконнинг муҳим минтақаси ҳисобланади. Бу ҳолат минтақа давлатларини умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришда Ўзбекистоннинг «медиатор» («воситачи») ролини таъминлайди.

Хусусан, пандемиянинг давом этаётган салбий оқибатлари ва жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик шароитида Ўзбекистон ШҲТ бўйича 80 га яқин тадбирларни муваффақиятли ўтказди. Эътиборли жиҳати, ШҲТ га раислик қилган бирон бир давлатда бунчалик кўп учрашувлар ўтказилмаган эди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида 30 та тадбир ўтказилди, шулардан 4 таси (ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, қашшоқликни қисқартириш, фан ва техника, гиёҳванд моддаларга қарши кураш масалалари бўйича йиғилишлар) мамлакатимиз томонидан илк маротаба ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан илк бор ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови ва киберспорт бўйича чемпионат ўтказилди. ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари иштирокидаги бу ва бошқа кўп томонлама учрашувларнинг барчаси ҳар хил форматларда – виртуал ва юзма-юз форматда ҳамда гибрид режимида бўлиб ўтди.

Масалан, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий мувофиқлаштирувчилар Кенгашининг йиғилишлари, Хивада транспорт вазирларининг мажлиси, Бухорода қашшоқлик масалаларига бағишланган конференция ўтказилди. Августда Самарқанд шаҳрида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар якуни бўйича Ўзбекистон ШҲТнинг 37 та ҳужжатини мувофиқлаштириш жараёнини бошлади ва якунлаб берди. Шулардан 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан аксарият ҳолларда, шахсан президент Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар концептуал, стратегик ва амалий хусусият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити Ўзбекистоннинг «ШОС+» форматида ўтаётган жўшқин раислигининг ўзига хос тожи бўлади. Шундай қилиб, ушбу нуфузли тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар - Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон, Туркманистон ва Туркия раҳбарлари иштирок этадилар.

Ўз навбатида, саммит доирасида Саудия Арабистони Қироллиги, Қатар, Мисрнинг юқори мартабали вакиллари, МДҲ ва бошқа минтақавий ташкилотлар (ЭСКАТО, ЮНЕСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ, СВМДА, ИҲТ, АДЛ) бош котиблари, шунингдек, БМТ Бош котибининг ўринбосари иштирокида кўплаб учрашувлар ўтказилади. Умуман олганда, Самарқанд саммитида 15 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарларининг иштирок этиши мазкур халқаро тадбирнинг мислсиз ҳодиса эканини яна бир бор кўрсатади.

Самарқанд заминининг кўплаб ана шундай нуфузли чет эл делегацияларини илиқ кутиб олиши бўлажак ШҲТ саммитининг рамзийлигини кўрсатади. Самарқанд азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани, маданий-гуманитар ўзаро бойиш ва халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб келган. Самарқанд – сайёрамиздаги энг қадимий шаҳарлардан бири, Рим ва Афина билан тенгдош экани тарихдан яхши маълум. Антик даврда Самарқанд қадимий Сўғдиёна давлатининг пойтахти бўлиб, Афросиёб деб аталган. Қадимги юнонлар орасида ва Римда бу шаҳар Мароқанд номи билан машҳур бўлган.

Темурийлар даврида Самарқанд фаол ривожланган, шаҳарда илм-фан, маданият ва маърифатни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилгани боис, бутун дунё олимлари ва санъат арбоблари бу ерга талпинганлар. Шунинг учун Самарқандни Марказий Осиё халқлари маданиятининг бебаҳо хазинаси деб аташади. Бу ерда ўрта аср меъморчилигининг энг буюк ёдгорликлари сақланиб қолган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга лойиқ.

Ўзининг бой тарихига қарамай, шаҳар ўзига хослиги ва бетакрор қиёфасини йўқотмаган. Бугунги кунда Самарқанд энг гўзал ва маданий жиҳатдан бетакрор шаҳарга айланган.

«Буюк ипак йўли» Халқаро туризм марказининг очилиши бугунги куннинг ўзига хос рамзларидан бири бўлди. Бу ерда иккита беш юлдузли ва олтита тўрт юлдузли меҳмонхона бор. Конгресс холлнинг умумий майдони қарийб 6 минг квадрат метрни ташкил этади.

У 3,5 минг нафар кишига мўлжалланган. Шундай қилиб, бугун Самарқанд узоқ йиллар давомида кўплаб мамлакатлар раҳбарларини илиқ кутиб олган тарихий маскангина эмас, энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий инфратузилма ҳамдир. Бу етакчи давлатлар раҳбарларининг глобал кун тартибидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишига хизмат қилади, улар орасида иқтисодий ҳамкорлик масаласини алоҳида қайд этиш зарур. Хусусан, 2021 йил якунларига кўра, ШҲТга аъзо давлатларнинг ташқи савдоси 8 трлн доллардан ошиб, 33 фоизга ўсди, аъзо давлатлар ўртасидаги ички савдо айланмаси эса, қарийб 40% га ошиб, 768 млрд долларни ташкил этди.

Мамлакатимиз ШҲТга аъзо давлатларнинг инвестициявий сиёсатини шакллантириш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган сиёсатни олиб борди. Бундай ташаббуслар қаторида жаҳондаги молиявий ва иқтисодий ўзгаришларни юмшатишга қаратилган ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолияти доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича қўшма Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифини алоҳида таъкидлаш мумкин.

ШҲТнинг минтақа ичидаги савдони ривожлантириш дастури ўзаро савдони янада оширишга ва Ташкилотга аъзо барча давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Мамлакатимиз томонидан таклиф этилган саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурининг қабул қилиниши ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлигини ошириш учун қўшимча рағбат бўлади. Бу фойдаланилмаган ишлаб чиқариш салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва учинчи мамлакатларга қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга ёрдам беради. Бизнингча, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасининг амалга оширилиши жуда истиқболли.

ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон томонидан таклиф этилган йўл харитасининг қабул қилиниши эътиборга лойиқ. Бу ШҲТнинг транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги минтақавий транспорт-транзит йўлакларини шакллантириш ҳамда бозорлар географиясини кенгайтириш бўйича аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини янада бирлаштиради.

Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, ишонч чуқур таназзулга юз тутаётган бугунги шароитда ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити маданий-сивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштиришга муваффақ бўлган ноёб масканга айланади. Бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлган Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги руҳининг ифодаси бўлади.

Актам Ҳайитов,ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Изоҳ
Асосий янгиликлар