12 сентябрь куни Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Миср Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ўртасида Мисрдан узум қаламчаси ва кўчатларини олиб киришда фитосанитар талаблари тартиби тўғрисида баённома лойиҳасини имзолаш масаласини ишлаб чиқиш бўйича онлайн музокаралар ташкил этилди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида агентлик раҳбари Иброҳим Эргашев Миср томони билан баённома имзоланиши лозимлиги ва узум кўчатлари турли зараркунандалардан тозаланганидан сўнг уларни Ўзбекистон бозорига олиб кириш мумкинлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Миср ўсимликлар карантини Марказий бошқармаси бошлиғи Аҳмад ал-Аттор ҳозирги пайтда ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилаётгани ва яқин кунларда имзоланишини маълум қилган.
«Томонлар ўзаро ташрифларни амалга ошириш, икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларини келишиб олди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)