АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов «Kun.uz» мухбирининг ОТМларда рўмол ўраш мумкин ёки мумкин эмаслигига аниқлик киритиш ҳақидаги саволига жавоб бермаслигини, айни пайтдаги матбуот анжуманида фақатгина иккита масалага доир саволларга жавоб беришини билдирди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида талабаларни турар жой билан таъминлаш, ижара ва тўлов-контракт масалаларига аниқлик киритган.
«Kun.uz» сайти журналисти Зуҳра Абдуҳалимова вазир Абдуқодир Тошқуловга юзланиб, Ўзбекистондаги мавжуд олий таълим муассасаларида талаба қизларга рўмол ўраш мумкин ёки мумкин эмаслигига қизиқиб, «Шу саволга сиз аниқ жавоб берсангиз, қўл остингиздаги, жойлардаги ижрочилар бундан хулоса чиқарган бўлармиди?», — деди.
«Бу саволингизга мен жавоб бермайман. Боиси матбуот анжумани аввалида фақатгина иккита масалага доир саволларга жавоб бераман, дедим. Мен шу пайтгача борган олий таълим муассасаларида сиз айтган муаммо йўқ», — деди вазир.