Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ёғли моддалар оқизиб келингани ҳақида хабар берилганди. Вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Аниқланишича, Самарқанд туманининг «Андижон» МФЙда жойлашган «Нуршод Универсал Савдо» МЧЖга қарашли суюлтирилган газ сақлаш омборидаги нефть маҳсулотлари (печ ёқилғиси) сақлаш сиғимидан оқиб кетиши натижасида 1 тонна нефть маҳсулотлари жой рельефига тўплангани ва полиэтилен труба ёрдамида Дарғом каналига оқизилиб, сувни ва жой рельефини ифлослантирган.
Шунингдек, корхона ҳудудига тўкилган нефть маҳсулотлари билан ифлослантирилган ер майдони ўлчанганда 86,4 метр куб экани маълум бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳолат бартараф этилиб, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги қарорига асосан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 204 401 864 сўмни ташкил этган.
Ўрганишлар давомида ҳозирги кунда корхонанинг хавфлилик даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги қарорига асосан 1-тоифага мансуб эканлиги ва корхона экологик норматив ҳужжатларсиз фаолият олиб боргани аниқланган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 4-қисми билан маъмурий жарима қўлланган.
Айни пайтда корхона фаолиятини тўхтатиш ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун ҳисобланган компенсация тўловини ундириш юзасидан иқтисодий судга киритиш учун даъво аризаси тайёрланмоқда.