Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кийиниш хонасига видеокузатув камералари ўрнатилгани ва бундан ота-оналар норози экани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Халқ таълими вазирлиги ҳолатни ўқувчилар ўртасида ўғирлик ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш бўлгани билан изоҳлаган.
Ушбу масала тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгандан сўнг мактаб маъмурияти томонидан кийиниш хонасидаги камера олиб ташланган.
Амалиётчи юрист Саидали Муҳторалиев «Дарё» мухбирига берган қисқача интервьюсида воқеа юзасидан ҳуқуқий муносабатини айтиб ўтди.
Тошкентдаги бир мактабда қиз болаларнинг кийиниш-ечиниш хонасига видеокузатув мосламаси ўрнатилгани, мактаб маъмурияти бу ишини оқлаб, бу тадбирни хавфсизлик ва турли қонунбузарликларнинг олдини олиш учун қилгани ҳақида хабар тарқалди.Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан изоҳ кутиб қоламиз.Бу ерда масаланинг ахлоқий ва маънавий жиҳатлари муҳим, шу сабабли оддий бир юрист сифатида бундай чораларга қаршиман, муаммога бошқача ечим топиш керак.
Ўйлаб кўринг, етти ёшли бола ҳам, етмиш ёшли кекса одам ҳам бир тушунча билан инсон ва шахс ҳисобланади.
Қадр-қиммат ва шаън масаласи уларнинг ҳар иккиси учун ҳам бирдек тенг тушунчалардир. Ёш болада нафақат унинг шаъни, балки унинг ота ва онасининг шаъни ҳам бўлади.
Оддий кундалик ҳаётда ҳам, инсонларнинг юриш-туриш жараёниларида ҳам муайян бир ахлоқий ва маънавий чегаралар мавжуд.
Масалан, сиз ёки сизнинг фарзандингиз кўчада ёки жамоатчилик жойида яланғоч юрмайсизку, бундан уяласиз, сабаби бу сизнинг ахлоқий қадриятларингизга ва ор-номусингизга тўғри келмайди.
Айни шу сабабли, кимдир сизни ана шундай ҳолатда кузатиб туриши, ёки тасвирга олишини ва сиз ҳақингизда қандайдир маълумотлар йиғишини қабул қил олмайсиз, чунки бу сизнинг шаънингиз ва ғурурингизни топтайди.
Агар шундай ҳолатлар содир бўлса, сиз қаттиқ руҳий ва маънавий азоб чекасиз, ўзингизни камситилган деб ҳис қиласиз. Асосий гап мана шунда.
Қонунчилик масаласига келсак. Бу борада 2008 йил 7 январдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга эътибор қаратган бўлардим.
Ушбу қонуннинг 4-моддасида болаларнинг камситилишига йўл қўймаслик ҳамда боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Ана шу қоидаларга асосланиб шахсан мен, мактаблардаги қиз болаларнинг кийиниш ва ечиниш хонасига видеокузатув мосламалари ўрнатилишини ҳамда ушбу кийиниб-ечиниш жараёни бегона шахслар томонидан кузатилиши ҳамда тасвир маълумотларининг йиғилишини болалар ва ота-оналар шаъни ва қадр-қимматини бузиш ҳамда уларнинг шахсий дахлсизлигига дахл қилиш деб ҳисоблайман.
Бир нарсани эслатиб қўйишимиз керак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасига асосан шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болалар вояга етгунига қадар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний вакил сифатида уларнинг ота-оналари ифодалайдилар (юқоридаги кодекснинг 296-моддаси). Яъни, асосий шахслар сифатида саҳнада болаларнинг ота-оналари турганини ҳам унутмаслик керак.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради.